Янги COVID штамми пайдо бўлди


  • 29 Май, 2025
  • 15

NB.1.8.1 номи билан маълум бўлган янги COVID штамми АҚШда тарқалмоқда. Шифокорлар ундан зарарланиш белгиларини маълум қилишди.

Мутассаддиларнинг айтишича, янги штамм бошқа турларига қараганда юқумлироқ. У илк бор жорий йил январь ойида Хитойда аниқланган.

Мутахассислар NB.1.8.1 ва SARS-CoV-2 вирусининг бошқа вариантлари орасидаги белгиларида жиддий фарқ йўқлигини таъкидлашмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, янги мутация юқиш қобилиятини оширган ва у бизнинг айрим иммун ҳимояларимиздан четланиш қобилиятига эга бўлиши мумкин.

Жон Хопкинс университети соғлиқни сақлаш хавфсизлиги марказининг юқумли касалликлар бўйича мутахассиси ва етакчи илмий ходими доктор Амеша Адальяга кўра, NB.1.8.1 симптомлари SARS-CoV-2 вирусининг бошқа вариантларига ўхшаш.

COVID'нинг икки асосий белгиси — енгил, лекин доимий қуруқ йўтал ва бурун битиши. Касалланганлар кўпинча чарчоқ ва ҳолсизликдан шикоят қилишади.

Бошқа кенг тарқалган белгилари — иситма, қалтираш, томоқ оғриғи ва мушакларда оғриқ.

ЖССТ бу вариант оғирроқ касаллик, ётқизиш ёки ўлим ҳолатларининг кўпайишига олиб келаётгани ҳақида ҳозирча далил йўқлигини таъкидламоқда. Ҳозирги вақтда фақат унинг тез тарқалаётгани қайд этилмоқда.

NB.1.8.1 бўйича тадқиқотлар ҳали чекланган бўлса-да, олимлар вакциналар вирусга қарши самарали бўлишига умид билдирмоқда. Чунки NB.1.8.1 — 2024–2025 йилги вакциналар мўлжалланган Omicron JN.1 линиясига мансуб.

Кўпчилик беморлар уйда дам олиш ва сув балансини сақлаш орқали тўлиқ тикланишлари мумкин. Кўп ҳолатларда симптомлар бир ҳафта ичида йўқолади.

Аввалроқ биз Россияда янги коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилганини хабар қилгандик. У ерда тўртта ҳолат аниқланган.


Бошқа мақолалар