АҚШ ва Эрон келишиб олди


  • 15 Июнь, 2026
  • 12

АҚШ ва Эрон ўртасида 107 кундан бери давом этаётган келишув боши берк кўчасидан чиқилди. АҚШ президенти Трамп Эрон билан тинчлик шартномаси якунланганини эълон қилган бўлса, Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Козим Ғарибободий ҳам бу хабарни тасдиқлади. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро англашув меморандуми 19 июнь куни Швейцарияда имзоланишини билдирган Покистон бош вазири Шариф, Туркия, Саудия Арабистони ва Қатарга воситачилик саъй-ҳаракатларига қўшган ҳиссалари учун миннатдорчилик билдирди. Келишувдан сўнг баёнот берган Президент Эрдоған ва Ташқи ишлар вазири Фидан ҳам Туркия ушбу битим имзоланишидан мамнун эканлигини қайд этдилар.

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф АҚШ ва Эрон ўртасида 107 кундан бери давом этаётган уруш якунланганини ва тинчлик келишувига эришилганини маълум қилди.

Бош вазир Шариф “X” (Твиттер) ширкатининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қилган постида АҚШ ва Эрон келишувга эришганини эълон қилди. Шариф: “Жадал музокаралардан сўнг, АҚШ ва Эрон ўртасида тинчлик шартномасига эришилганини эълон қилишдан мамнунмиз” ифодасини қўллади.

Ҳар икки томон ҳам “Ливан доир барча фронтларда ҳарбий амалиётлар зудлик билан ва бутунлай тўхтатилганини эълон қилганини” билдирган Шариф, келишувнинг расмий имзолаш маросими 19 июнь куни Швейцарияда бўлиб ўтишини эълон қилди.

АҚШ ва Эронга “низони дипломатик йўл билан ҳал этиш борасидаги содиқликлари” учун ташаккур айтган Шариф, Туркия, Саудия Арабистони ва Қатарга ҳам воситачилик саъй-ҳаракатларига қўшган ҳиссалари учун миннатдорчилик билдирди.

Келишувдан сўнг баёнот берган АҚШ президенти Трамп: “Эрон Республикаси билан тузилган шартнома энди якунланди. Ҳаммани табриклайман! Шу муносабат билан, Ҳурмуз бўғозининг бепул (тўлиқ очиқ) тарзда очилишини мутлақо тасдиқлайман ва айни пайтда АҚШ ҳарбий денгиз кучларининг қамали зудлик билан бекор қилинишини ҳам маъқуллайман. Дунё кемалари, двигателларингизни ишга туширинг. Нефть оқимига йўл очинг!” деди.

Трампнинг баёнотидан кейин Эрон томонидан ҳам келишувга доир баёнотлар кетма-кет янгради. Хабарни тасдиқлаган Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Козим Ғарибободий АҚШ билан эришилган келишувдан кейин амалга ошириладиган йўл харитасига доир янги тафсилотларни ўртоқлашди.

Ғарибободий Америка томонининг мажбуриятлари амалда тасдиқланганидан кейин 60 кунлик янги музокаралар жараёни бошланишини белгилаб, воситачи давлатлар келгуси учрашувларда ҳам рол ўйнашда давом этишини айтди. Эронлик мулозим: “Жума куни расмий имзолар чекилади. Шундан сўнг икки ҳайъат раҳбарлари келгуси музокараларнинг тартиби ва тақвимини белгилаб олиш учун учрашувлар ўтказадилар” деди.

Ғарибободий ушбу жараёнда урушни тугатиш, денгиз қамалини бекор қилиш ва Эронга тегишли мулкларни (активларни) музлатишдан чиқариш бўйича АҚШ берган ваъдаларининг устидан чиқиш-чиқмаслиги кузатиб борилишини ифода этди.

“60 кунлик музокараларнинг бошланиши Америка томонининг ушбу мажбуриятларни бажаришига боғлиқ” деган Ғарибободий, Вашингтоннинг қадамлари Теҳрон томонидан диққат билан кузатилишини эслатиб ўтди.

Томонларнинг келишувга эришгани муносабати билан Президент Режеп Таййип Эрдоған ва Ташқи ишлар вазири Фидан ҳам мавзуга доир баёнотлар бердилар. АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушни тугатишни мақсад қилган келишув мамнуният билан кутиб олинганини таъкидлаган Президент Эрдоған қуйидаги ибораларни қайд этди:

“АҚШ ва Эрон ўртасида эришилган келишувни минтақамизда тинчлик ва осойишталикни қарор топтириш йўлидаги муҳим қадам деб ҳисоблайман ва мамнуният билан кутиб оламан. Бутун дунё узоқ вақтдан бери интизор бўлган ушбу хушхабар минтақамизда барқарор тинчлик ва хавфсизлик муҳити қарор топишига васила бўлишини чин қалбдан тилаб қоламан. Имзолар чекиладиган кунга қадар бўлган жараёнда кескинликни оширадиган риторика, таҳрир ва ҳаракатлардан тийилиш ҳамда эҳтимолий қўпорувчилик (саботаж) ҳаракатларига қарши сергак бўлиш зарурлигини алоҳида таъкидлайман. Бу натижага эришишда АҚШ ва Эрон раҳбариятлари бошлиқ, айниқса, ўзига хос воситачилик саъй-ҳаракатлари учун Покистонга ташаккур айтаман. Шунингдек, Қатар ва Саудия Арабистонининг дипломатик ташаббусларга кўрсатган қўллаб-қувватлашини юқори баҳолашимни ифода этмоқчиман.”

Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан ҳам мазкур келишувни мамнуният билан кутиб олганликларини билдириб, шартнома минтақавий тинчлик ва барқарорлик учун муҳим қадам эканлигини айтди.

Бошқа томондан, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс жума куни Эрон шартномасини имзолаш маросими учун Женевага боришни режалаштираётганини маълум қилди. Трампнинг ҳам имзолаш маросимида иштирок этиши эҳтимоли борлигини ифода этган Вэнс, “логистик” тафсилотлар устида ҳануз иш олиб борилаётганини қайд этди.


Бошқа мақолалар