Кўприкда селфи тушмоқчи бўлган сайёҳлар ҳалок бўлди


  • 17 Июнь, 2025
  • 25

Ҳиндистоннинг бир шаҳрида кўприк қулаб тушди. ОАВ маълумотларига кўра, камида икки киши ҳалок бўлди ва 30 дан ортиқ одам жароҳат олди.

Ҳодиса ўтган якшанба куни Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида дарё устидан ўтган кўприкда содир бўлган. Махараштра штати бош вазири Девендра Фаднависнинг маълум қилишича, бир неча одамни оқим олиб кетган ва қутқарув ишлари давом этмоқда. 15 июнь куни кечқурунги маълумотларга кўра, 6 киши қутқарилган, 32 киши тан жароҳати олган, уларнинг 6 нафари оғир аҳволда шифохоналарда даволанмоқда.

"Ҳодиса жойида табиий офатларга қарши курашиш бўйича миллий гуруҳлар (NDRF) фаолият олиб бормоқда, барча тегишли хизматларга олий даражада тайёр туриш буйруғи берилган. Қутқарув ишлари энг тез ва самарали тарзда олиб бориляпти", — деди Фаднавис Facebook саҳифасида.

Интернет тармоқларида ҳодиса жойидан олинган видеолар кенг тарқалди.

Айрим ОАВ маълумотларига кўра, кўприкнинг ағдарилишига унинг ортиқча юкланиши, огоҳлантиришларга бепарво бўлиш ва кенглиги жуда торлиги — бор-йўғи 1,2 метр бўлгани сабаб бўлган. Ҳодиса содир бўлган пайтда, тақиққа қарамай, кўприкда 100 дан ортиқ одам бўлган. Ушбу кўприк сайёҳлар орасида машҳур жой ҳисобланган. ОАВ ёзишича, кўприк тахминан 30 йил аввал қурилган бўлган.


Бошқа мақолалар