Қозоғистонликлар Маск интернетига қачон улана олади?


  • 21 Июнь, 2025
  • 20

Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири ўринбосари Досжан Мусалиев қозоғистонликларга бу йилнинг ўзида Starlink компаниясидан юқори сифатли сунъий йўлдош интернети тақдим этилишини ваъда қилди.

Аввалроқ Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги Илoн Маскнинг SpaceX компанияси лойиҳаси бўлган Starlink билан Қозоғистонга сунъий йўлдош интернети етказиб бериш бўйича келишув имзолаганди.

Ҳужжатга мувофиқ, қозоғистонликлар расман Starlink терминалларини сотиб олиш, фойдаланиш ва рўйхатдан ўтказиш имкониятига эга бўлади. Илгари бу ускуналар фақат пилот лойиҳалар доирасида, асосан таълим муассасаларида синов тариқасида ишлатилар эди ва кенг омма учун мавжуд эмас эди.

Илон Маскнинг компанияси миллий қонунчилик, жумладан ахборот хавфсизлиги ва алоқа соҳасидаги барча талабларга риоя қилишга рози бўлди.

Starlink’нинг Қозоғистонга келиши кўплаб фойдаланувчиларни хурсанд қилди. Бугун Сенатда ушбу келишув тафсилотларини рақамли ривожланиш вазири ўринбосари Досжан Мусалиев очиқлади.

"Эҳтимол, янгиликлардан эшитгансиз, вазирлик Starlink компанияси билан келишув имзолади. Режага кўра, улар 3-чоракда расман ишга тушади ва аҳоли ундан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Жисмоний шахслар учун жуда яхши шартлар бўлиши кутилмоқда. Биз яхши шароитлар бўлади, деб умид қиламиз", — деди Мусалиев Сенатдаги сўз чиқишида.

Шу орада, баъзи қозоғистонликлар Илон Маскнинг интернет сифатини ҳатто қамоқда ҳам синаб кўришга улгуришди. Бир колония маҳбуси ўз барагига Starlink антеннаси ўрнатиб, сунъий йўлдош интернети орқали наркотик картелини бошқаргани маълум бўлди.


Бошқа мақолалар