- 2018-05-16
Хитой, Россия ва Покистон БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари ўртасида АҚШнинг Эронга қарши ҳужумларини қораловчи резолюция лойиҳасини тарқатди. Бу ҳақда РИА Новостига БМТдаги манба маълум қилди.
Ҳужжатда МАГАТЭ назорати остида бўлган Эрон ядровий объектларига қилинган АҚШ ҳужумлари кескин қораланган. Ушбу зарбалар глобал тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солиши таъкидланган.
Россия, Хитой ва Покистон АҚШнинг ҳарбий ҳаракатларини тўхтатишни талаб қилиб, барча томонларни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ оддий аҳолини ҳимоя қилиш мажбуриятига риоя этишга чақирмоқда.
Пекин, Москва ва Исломобод низони дипломатик йўл билан ҳал қилиш зарурлигини таъкидлаб, Эроннинг тинч ядровий дастурини кафолатлаш эвазига барча кўп томонлама ва бир томонлама санкцияларни бекор қилишни таклиф қилмоқда.
Манбага кўра, БМТ Хавфсизлик Кенгаши дунё ҳамжамиятида резонанс келтирган АҚШнинг Эронга ҳужумлари муносабати билан якшанба куни йиғилиш ўтказади, бироқ резолюция лойиҳаси бўйича овоз бериш режалаштирилмаган.
2025 йил 22 июнга ўтар кечаси АҚШ Эрондаги учта ядровий объект — Натанз, Фордо ва Исфаҳонга ҳаводан зарба берди. Бу зарбалар Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинликдан бир неча кун ўтиб амалга оширилди.
АҚШ президенти Дональд Трамп ҳужумнинг мақсади Теҳроннинг ядровий салоҳиятини чеклаш эканини билдирди. Оқ уй раҳбарига кўра, уран бойитиш билан боғлиқ асосий иншоотлар тўлиқ йўқ қилинган.
АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет операция натижасида Эроннинг ядровий дастури йўқ қилинганини таъкидлади. Вашингтон Эронни тинчлик келишувига чақирмоқда, бироқ Эрон томонидан жавоб зарбаси бўлса, янги зарбалар билан таҳдид қилмоқда.
Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқини, жумладан, ўзини мудофаа қилиш шаклида сақлаб қолишини маълум қилди.
Эрон расмийлари АҚШнинг ҳужумларидан олдин Натанз, Фордо ва Исфаҳондаги ядровий объектлар аллақачон эвакуация қилинганини айтди.
«Бойитилган уран захиралари ядровий марказлардан кўчирилган, у ерда ҳеч қандай радиация келтириб чиқарадиган материал қолмаган, бу эса бизнинг ватандошларимизга зарар етказиши эҳтимолини йўққа чиқаради», — деди Эрон давлат телевидениеси раҳбар ўринбосари Ҳасан Абедини.
Эрон парламенти раиси маслаҳатчиси Меҳди Муҳаммадийнинг айтишича, Фордо ҳужуми кутилган ва объект аллақачон эвакуация қилинган, шу боис келтирилган зарар қайтариб бўлмайдиган даражада эмас.