- 2026-05-23
Франция супермаркетлар ва қон банкларидаги тижорий музлаткичларни ишдан чиқарган киберҳужумлар
учун Эрон Исломий инқилоб қўриқчилари корпусини айблади. Париж расмийлари Эрон элчисини вазирликка чақириб, янги ЕИ санкциялари билан таҳдид қилган бўлса, АҚШдаги ҳарбий базаларда юз берган шунга ўхшаш музлаткич диверсияларида ҳам асосий гумондор Эрон экани маълум бўлди.
Франция ва АҚШни ларзага солган сирли киберҳужумлар тўлқинида нишондаги асосий шахс аниқланди. Франция расмийлари ўтган ой мамлакат бўйлаб юзлаб супермаркетлар ва тижорий корхоналарнинг музлаткичларини ишдан чиқарган киберҳужумларда Эрон Исломий инқилоб қўриқчилари корпусини айблади ва Эрон учун бунинг жиддий оқибатлари бўлишини билдирди.
Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро Reuters агентлиги терговчиларнинг шубҳаларини эълон қилиши биланоқ Эрон элчиси ташқи ишлар вазирлигига чақирилганини таъкидлаб, Европа Иттифоқининг янги санкцияларидан дарак берди. Эроннинг БМТдаги миссияси ушбу масала юзасидан баёнот бермаган бўлса-да, Теҳрон ғаразли кибернетика операциялари ҳақидаги даъволарни рад этди.
11 октябрда бошланган илк тўлқинда эски дастурий таъминотлардан фойдаланувчи тижорий музлаткичларнинг ҳароратни бошқариш тизими қўлга олинди. Баъзи музлаткичларнинг иссиқлиги шунчалик кўтарилдики, қурилмалар ўт олди; дўкон ходимлари тонналаб айниган гўшт ва эриб кетган музқаймоқларни чиқинди қутисига ташлашга мажбур бўлди. Мутахассислар фақат Франциянинг ўзидаги зарар ўнлаб миллион еврога етиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Октябрь ойида содир бўлган ушбу воқеалардан сўнг бу ой Европа бўйлаб 100 дан ортиқ объектни нишонга олган иккинчи тўлқин ҳам келди. Бу сафар Франция қон банкларининг совутгичлари ҳам зарар кўриб, ходимларни муҳим қон захираларини зудлик билан бошқа жойга кўчиришга мажбур қилди.
Франциядаги инқироз акс-садолари ҳали тинмаган бир пайтда, АҚШдан келган бошқа бир тафсилот воқеа кўламини ўзгартириб юборди. Август ойида АҚШнинг камида 6 та ҳарбий базасидаги (комиссариат дўконларидаги) музлаткичлар ҳам сирли равишда ишдан чиққани маълум бўлди.
Масалага яқин манбалар Пентагон мутахассислари ушбу носозликларни гумонли киберҳужум сифатида баҳолаётгани ва Эронни бош гумондор сифатида ўрганаётганини билдирди. Пентагон хавфсизлик нуқтаи назаридан тафсилотларни ошкор этмаган бўлса-да, мутахассислар бу воқеаларни февраль ойидан бери давом этаётган АҚШ–Эрон урушининг янги ва вайронкор рақамли жабҳаси сифатида баҳоламоқда.