Арманистонда давлат тўнтаришига уринишнинг олди олинди


  • 26 Июнь, 2025
  • 17

Арманистонда Арман Апостол черкови вакиллари иштирок этган давлат тўнтаришига уринишнинг олди олинди. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Никол Пашинян баёнот берди.

«Полиция ходимлари Республика Арманистонда вазиятни издан чиқариш ва ҳокимиятни эгаллашга қаратилган жиноий олигархик руҳонийлар томонидан тайёрланган кенг кўламли ва ёвуз режани фош қилиб, уни барбод қилди», — деб ёзди Пашинян 25 июнь куни ижтимоий тармоқларда.

Ҳокимиятни эгаллаш уриниши доирасида 14 киши қўлга олинди. Улар орасида ҳукуматни қаттиқ танқид қилиб келаётган Арман Апостол черкови архиепископи Баграт (Галстанян) ҳам бор. Ҳуқуқ-тартибот идоралари 90 дан зиёд ҳудудда тинтув ўтказди. Оппозиция эса бу ҳибсларни сиёсий мақсадларда қилинган деб баҳолади.

25 июнь куни тонгда куч тузилмалари “Муқаддас кураш” ҳаракати аъзолари ва уларнинг тарафдорлари уйларида тинтув ўтказди. Ташкилот раҳбари — архиепископ Баграт билан бирга, оппозициядаги “Арманистон” блоки депутати Артур Саркисян, мамлакатдаги энг қадимий партия — “Дашнакцутюн”нинг олий органи аъзоси Игорь Саркисян ҳамда тан олинмаган Тоғли Қорабоғ парламентининг собиқ депутати Давид Галстян Тергув қўмитасига олиб кетилди. Қўлга олинганлар тарафдорлари ТҚ биноси олдида тўпланишди, у ерга ички қўшинлар жалб этилди.

Бундан бир кун олдин Civic нашрида давлат тўнтаришига уриниш режаси ҳақида мақола эълон қилинган эди. Ундаги маълумотларга кўра, бу режани оппозиция тайёрлаган. Ушбу мақолага ҳавола Никол Пашиняннинг Facebook'даги саҳифасида ҳам пайдо бўлди.

Пашинян май ойидан буён Арман Апостол черкови билан очиқ можарода. Черковнинг маънавий раҳбари — католикос Гарегин II (Нерсисян) Арманистоннинг Тоғли Қорабоғдаги мағлубиятидан сўнг ҳукуматнинг истеъфога чиқишини талаб қилган.

Шунингдек, июнь ойида Ереванда черковни қўллаб-қувватлаётган россиялик миллиардер Самвел Карапетян ҳибсга олинди. У ҳокимиятни эгаллашга чақирганликда айбланди. Пашинян унинг мулкидаги энергетика компаниясини миллийлаштиришини маълум қилди.


Бошқа мақолалар