- 2021-12-29
Американинг Миннеаполис шаҳрида иммиграция ва божхона хизмати ходимлари уч фарзанднинг
онаси бўлган 37 ёшли аёлни отиб ўлдирганидан сўнг норозилик намойишлари бошланди.
ФБР (Федерал қидирув бюроси) шаҳарнинг турар жой ҳудудида АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати ходими томонидан отиб ўлдирилган Рене Николь Гуднинг ўлими бўйича терговни ўз зиммасига олди. Миннесота Жиноий қидирув бюроси аввалига ФБР билан ҳамкорликда ишлашга келишиб олинганини, бироқ федерал идора “йўналишни ўзгартириб”, ишни бутунлай ўзига олиб қўйганини маълум қилди. Штат бюроси директори Дрю Эванснинг сўзларига кўра, штат тузилмаси далиллар, иш материаллари ва сўроқ баённомаларидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлган.
Видеоёзувда ниқобли икки ходим Гуднинг автомобилига яқинлашгани кўринади. Улардан бири машинадан тушишни буюриб, эшик тутқичига қўл чўзади, шундан сўнг машина орқага ҳаракатланади. Офицер узоқлашаётган машинага қарата уч марта ўқ узади, сўнг машина кескин олдинга тезлашиб, кўздан ғойиб бўлади.
Тасвирга олаётган учинчи офицер ҳам тўппончасини чиқариб, орқага чекинган ҳолда уч марта ўқ узади. Сўнгги ўқлар автомобиль ёнидан ўтиб кетганидан кейин ҳайдовчи ойнаси томон йўналтирилган. Видеода автомобиль полициячини уриб юборгани кўринмайди, офицер оёқда қолган ва ҳаракатни давом эттирган.
Ички хавфсизлик вазирлиги вакиллари, жумладан, бўлинма раҳбари Ноэм, отишмани ўзини ҳимоя қилиш деб тавсифлади ва аёлни агентларни босиб кетишга уринишда айблаб, содир бўлган воқеани “ички терроризм” деб атади. Миннеаполис мэри Жейкоб Фрей бундай баёнотларни “сафсата” ва “ахлат” деб атади ҳамда гувоҳларнинг видеоёзувлари федерал ҳукумат талқинига зид эканини таъкидлади.
Дональд Трамп ижтимоий тармоқларда Гуд “иммиграция ва божхона хизмати офицерини уриб юборганини” баён қилди.
Пайшанба куни юзлаб одамлар Миннеаполисдаги федерал иммиграция суди биноси олдига чиқиб, “шармандалик” ва “қотил” деб ҳайқирдилар. У ердаги баъзи федерал офицерлар кўзни ёш қилувчи газ ва мурчли баллончаларни қўлладилар. Намойишлар Нью-Йорк, Чикаго, Сиэтл, Лос-Анжелес ва Филадельфияда ҳам бўлиб ўтди ёки ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Штат Миллий гвардияси юқори шайлик ҳолатига келтирилди. Хавфсизлик нуқтайи назаридан Миннеаполис мактаблари пайшанба ва жума кунлари ёпилди.
“Washington Post” нашрининг маълумотига кўра, колорадолик Рене Гуд уч фарзандни: 15 ёшли қиз ва 12 ҳамда 6 ёшли ўғилларни тарбиялаётган эди. У 2020 йилда Олд Доминион университетида (Виржиния) инглиз адабиёти бўйича бакалавр даражасини олган ва талабалар ўртасидаги шеърият мукофоти лауреати бўлган эди.
Миннесотадаги амалиёт федерал миграция назоратини кучайтириш кампанияси доирасида ўтказилган. Шунингдек, у штатдаги сомали жамиятига тегишли қатор нотижорат ташкилотларидаги эҳтимолий фирибгарлик тергови билан ҳам боғлиқ эди. Аввалроқ Дональд Трамп Миннесотадаги сомалиликлар ва асли сомалилик бўлган америкаликларга нисбатан кескин фикрлар билдирган эди.