- 2020-03-14
BBC томонидан намойиш этилишидан бош тортилган, Ғазода ҳужумлар остида фаолият юритган шифокорлар ҳақидаги ҳужжатли фильмни Буюк Британиядаги Channel 4 телеканали эфирга узатишини маълум қилди.
Channel 4 телеканали тарқатган ёзма баёнотда, "Ғазо: Ҳужум остидаги шифокорлар" номли ҳужжатли фильм жамоатчилик манфаати йўлидаги жасур журналистика ва мустақил ҳикоя қилиш анъаналари доирасида намойиш этилиши таъкидланди.
Баёнотда таъкидланишича, ушбу фильм аввалига BBC учун тайёрланган, аммо кейинчалик телерадиокорхона уни эфирга узатишдан бош тортган. Кейин Channel 4 уни таҳририй ва эфир стандартлари нуқтаи назаридан текшириб, намойиш қилишга розилик берган.
Ҳужжатли фильм 2 июль, чоршанба куни маҳаллий вақт билан соат 22:00 да эфирга узатилади.
Channel 4 телеканалида ахборот ва долзарб воқеалар бўйича раҳбар Луйза Комптон бу борадаги фикрида шундай деди:
"Бу фильм — Исроил қўшинларининг халқаро ҳуқуқни жиддий равишда бузгани ҳақидаги айбловларни тасдиқловчи далилларни ўрганган ҳолда пухта тайёрланган ва Channel 4 телеканали жасур ҳамда қўрқмас журналистикага содиқ эканини намоён этади."
"Ғазо: Ҳужум остидаги шифокорлар" ҳужжатли фильмида Исроил армияси Ғазога қаратилган ҳужумларда соғлиқни сақлаш муассасалари ва тиббиёт ходимларини системали равишда нишонга олгани ошкор этилади.
Фильмда Ғазодаги шифокорлар ва тиббиёт жамоалари нафақат халқаро ҳуқуқнинг ҳимоясидан маҳрум қилингани, балки Исроил армияси томонидан қасддан нишонга олингани, қўлга олингани ва қийноққа солингани ҳақидаги видеолар ҳамда гувоҳликлар ўрин олган.
Британиянинг BBC телерадиокорхонаси 20 июнь куни билдиришича, "Ғазо: Ҳужум остидаги шифокорлар" номли ҳужжатли фильм "хабарлар нашр этишдаги бетарафлик тамойиллари юзасидан хавотирлар" сабабли эфирга узатилмайди.
Баёнотда қайд этилишича, Basement Films номли компанияга буюртма қилинган ва жорий йил феврал ойида намойиш қилиниши режалаштирилган фильм BBCнинг жамоатчига хос бетарафлик стандартларига мос келмаслиги туфайли рад этилган. Шунингдек, фильм ҳуқуқлари яна ўша продюсерлик компаниясига қайтарилгани айтилган.
Basement Films эса фильм камида 6 марта эфир санасини олгани ва кенг қамровли текширув жараёнидан ўтганини маълум қилган.
Ширкат асосчиси Бен де Пир эса ўз баёнотида BBCни журналистикага тўсиқ қўйиш ва овозларни ўчиришда айблаган.
BBC шунингдек, жорий йил феврал ойида эфирга узатилган "Ғазо: Уруш ҳудудида қандай омон қолиш мумкин?" номли ҳужжатли фильм учун ҳам кечирим сўраган эди. Ушбу фильм Ғазодаги урушнинг болаларга бўлган таъсири ҳақида эди.