- 2013-11-18
Озарбайжонда Екатеринбургда озарбайжонликларга қилинган ҳужум ва Россия куч тизимлари томонидан хонадонларга уюштирилган рейдлар чоғида икки нафар инсон ўлдирилиши муносабати билан Россия билан боғлиқ барча тадбирлар бекор қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 27 июнь куни Екатеринбургда озарбайжонликлар яшайдиган хонадонларга Россия куч тузилмалари томонидан ўтказилган рейдлар натижасида икки киши ҳалок бўлди, бир нечта инсон оғир жароҳат олиб, касалхонага ётқизилди, тўққиз киши қўлга олинди. Бу воқеа озарбайжон диаспораси вакилларининг жабр кўргани сабабли, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги қатъий норозилик билдириб, Боку шаҳридаги Россия элчихонасининг вақтинчалик ишлар вакили Пётр Волоковни чақириб олди. Вазирлик барча зўравонлик содир этган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ва воқеани тўлиқ тергов қилишни кутаётганини маълум қилди.
Шунингдек, Россия ҳукумат раисининг ўринбосари Алексей Оверчукнинг июнь ойи охирида Озарбайжонга режалаштирилган ташрифи Боку томонидан бекор қилингани маълум қилинди.
Musavat.com нашри Озарбайжон Маданият вазирлигига таяниб хабар беришича, Россия давлат ва хусусий ташкилотлари иштирокида ўтказилиши режалаштирилган барча маданий тадбирлар — концертлар, фестиваллар, спектакллар, кўргазмалар ва бошқалар бекор қилинмоқда.
"Свердловск вилоятида Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан озарбайжонликларга нисбатан этник асосда қасддан ва судсиз қатллар ҳамда зўравонлик ҳаракатлари намойишкорона содир этилганини, шунингдек, бундай ҳолатлар охирги вақтларда тизимли тус олганини инобатга олган ҳолда, Россиянинг давлат ва хусусий структуралари орқали Озарбайжонда ўтказилиши режалаштирилган барча маданий тадбирлар — концертлар, фестиваллар, спектакллар, кўргазмалар ва бошқалар бекор қилинади", — дейилади баёнотда.
Шунингдек, билет сотиб олган ватандошлар тегишли савдо нуқталари ва онлайн платформалар орқали пулларини қайтариб олишлари мумкинлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, Озарбайжон Миллий Мажлиси раиси ўринбосари Али Аҳмадов бошчилигидаги парламент делегацияси Москвада ўтказилиши керак бўлган Озарбайжон ва Россия ўртасидаги 23-мажлислараро ҳамкорлик комиссияси йиғилишида иштирок этмайди.
Minval.az хабарига кўра, Озарбайжондаги Рус жамияти ҳам Екатеринбургдаги Россия куч тузилмалари томонидан содир этилган зўравонликларни қоралади.
"Биз мансабдор шахслар томонидан қонунга зид ва мутаносиб бўлмаган ҳар қандай ҳаракатларни, айниқса инсон ҳалокатига олиб келганини қатъий қоралаймиз. Жиноятчиликка қарши кураш муҳим вазифа, лекин у фақат қонун доирасида, инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳурмат қилган ҳолда амалга оширилиши керак. Куч ишлатиш оқибатида одамлар ҳалок бўлиши ҳуқуқий давлатда йўл қўйиб бўлмайди. Екатеринбургдаги воқеалар фонида, айрим мансабдорларнинг ноўрин ҳаракатлари туфайли иттифоқчилик ва дўстлик ришталарига эга давлатлар ўртасидаги муносабатлар зиён кўраётгани алоҳида хавотир уйғотади", — дейилади баёнотда.
Бундан ташқари, Турк-Озарбайжон дўстлик уюшмалари федерацияси (TADEEF) раҳбарининг ўринбосари Сердар Унсал ҳам Екатеринбургдаги воқеаларни кескин қоралаб чиқди. Унинг таъкидлашича, озарбайжон диаспораси вакилларига нисбатан тергов ҳаракатлари буюртма асосида бўлган бўлиши мумкин.
"Этник асосда босим ўтказиш ҳеч қайси давлат учун қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Свердловск вилоятида содир бўлган воқеани тергов қилишда фаол иштирок этиши керак. Агар биз қонунсизликка кўз юмсак, бундай фожиалар давом этиши ва янада кучайиши аниқ. Ҳалок бўлган ва жабр кўрганларнинг яқинларига, бутун озарбайжон халқига ҳамдардлик билдираман", — деди Сердар Унсал.
ОАВ хабарига кўра, Екатеринбургда озарбайжонликлар яшайдиган ўнлаб хонадонларга рейд уюштирилган, Сафаровлар оиласининг бир нечта аъзолари, жумладан Агдамдан чиққан икки ака-ука — Зиёддин ва Ҳусейн Сафаровлар ўлдирилган. Қўлга олинган тўққиз озарбайжонликка нисбатан 2000-йиллар бошида содир этилган жиноятга алоқадорлик гумони билан суд ишлари бошланган. Суд уларни қамоққа олиш масаласини кўриб чиқмоқда.