Ўғуз туркларига оид IX–X асрларга мансуб Култўба битиги топилди


  • 25 Декабрь, 2025
  • 34

Қозоғистондаги қишлоқ мактаби музейида тасодифан топилган Култўба битиги туркий тиллар тарихига оид қарашларни ўзгартириб юбормоқда. Ўғузларнинг XIII асрдан анча олдин ҳам ёзувдан фойдаланганини исботловчи бу топилма, айни пайтда Хазар ҳоқонлиги ва Ўғузлар ўртасидаги сирли алоқаларга ойдинлик киритмоқда.

Қозоғистоннинг Туркистон шаҳри яқинида Ўғуз туркларига тегишли, IX–X асрлардан қолган Култўба битиги топилди. Битикни кашф этган Чаноққалъа «18-март» университети ўқитувчиси, доцент Ҳайреттин Эҳсан Эркоч тафсилотларни илк бор ўртоқлашди. Эркочнинг таъкидлашича, тасодифан топилган ушбу ёзув Ўғузларнинг ёзув маданияти ва сиёсий тарихига доир муҳим сирларни ўз ичига олган.

Доцент Эркоч кашфиёт бир қишлоқ мактабида юз берганини айтиб, шундай деди:

“Култўба битигини Қозоғистоннинг Туркистон шаҳри яқинидаги Ўранғай қишлоғидан топдик. У ерда Култўба деб аталувчи Ўғуз манзилгоҳи қолдиқлари мавжуд. Қишлоқдаги ўрта мактаб ичида кичик бир музей борлигини эшитиб, у ерга бордик ва айланиш давомида тасодифан ушбу ёзувга дуч келдик. Илмий адабиётларни кўздан кечирганимизда, бу битиқ ҳақида шу кунгача бирор илмий иш қилинмаганини кўрдик ва устида ишлаб, илм оламига тақдим этдик.”

Битикнинг ёши ҳақидаги маълумотлар билан бўлишар экан, Эркоч ҳудуддаги тарихий кўчиш ҳаракатларига тўхталди:

“Битикнинг IX–X асрлардан қолганини тахмин қиляпмиз. Қозоғистонлик ҳамкасбларимиз олиб борган археологик тадқиқотлар Ўғузларнинг бу минтақага IX асрда келганини кўрсатмоқда. XI аср бошларида эса уларнинг катта қисми бу ердан кўчиб кетганини билганимиз учун шу давр оралиғини таклиф қилдик. Албатта, ўтказиладиган таҳлиллар янада аниқроқ санани беради.”

Матн қисқа бўлгани учун таҳлил жараёни ниҳоятда синчковлик билан олиб борилган. Ўқиш жараёни ҳақида Эркоч шундай деди:

“Битик бир сатрдан иборат ва уни ўқиш анча қийин бўлди. Биз таклиф қилган ўқиш вариантлари орасида "kazar kan kul", яъни "Хазар хонининг қули (хизматкори)" маъносини англатувчи ифода ажралиб турибди. Битикни 2025 йил 6 августда кашф этгач, мутахассислар билан суратлар устида ишладик ва хулосаларимиз мос келгач, уни эълон қилишга қарор қилдик.”

Ушбу кашфиётнинг энг ҳайратланарли томони — Ўғузларнинг Салжуқийлар давридан олдин ҳам ёзувдан фойдалангани исботланганидир. Эркоч топилманинг аҳамиятини қуйидагича хулосалади:

“Илмий қарашларда ўғуз тили XIII аср ўрталарида ёзув тилига айланган деган фикр устувор эди. Бироқ Култўба битиги Ўғузларнинг Салжуқийлардан анча олдин ҳам Турк ёзувидан (рун ёзуви) фойдаланганини кўрсатмоқда. Шунингдек, "Хазар хонининг қули" деган ўқиш тўғри бўлса, бу Ўғуз ябғулигининг Хазар ҳоқонлигига қарам бўлгани ҳақидаги фикрни қувватлайди. Битик остидаги тамға эса маданият тарихи учун жуда муҳим.”

Доцент Эркочнинг қўшимча қилишича, 1990-йиллардаги ноқонуний қазишмалар пайтида топилган, аммо шу кунгача яширин қолган ушбу ёзув Қозоғистон тупроқларида кашф этилишини кутаётган яна кўплаб асарлардан хабар бермоқда.


Бошқа мақолалар