- 2019-01-18
Австралиянинг Виктория штатида фаолият олиб борган Yoorrook Адолат комиссияси суриштируви натижасида инглиз мустамлакачилари томонидан абориген халққа нисбатан қирғин ва зўравонлик содир этилгани аниқлaнди. Ҳисоботда 1830-йиллардан бошланган мустамлака сиёсати жараёнида зўравонлик, эпидемия ва камситиш туфайли маҳаллий аҳолининг тўртдан уч қисми ҳалок бўлгани қайд этилган. Ҳужжатда бу ҳолат "геноцид" деб аниқ таърифланиб, тўлов, расмий узр ва таълим соҳасида ислоҳотлар каби чоралар таклиф этилган.
Маҳаллий аборигенлар ташаббуси билан ўтказилган мазкур суриштирув Викториядаги мустамлакачилик сиёсатининг оқибатларини ёритишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Комиссия 1830-йиллар бошида бошланган мустамлакачиликдан сўнг 20 йил ичида аҳолининг 75 фоизи зўравонлик ва касалликлар натижасида йўқ бўлганини маълум қилган.
BBC хабар қилишича, Yoorrook комиссияси 2021 йили Австралиядаги биринчи расмий "ҳақиқатни очиш" суриштируви сифатида ташкил этилган. Унинг вазифаси Викториядаги маҳаллий аҳолининг тарихда ва бугунги кунда юзма-юз келаётган тизимли адолатсизликларини ўрганишдан иборат бўлган. Жамоат етакчилари бу жараённи мамлакат тарихини қайта баҳолаш, "Биринчи миллатлар" деб тан олинган халқлар билан келишувга эришиш ва уларга сиёсий имкониятларни кенгайтиришнинг ажралмас қисми, деб ҳисоблашади.
Тўрт йил давом этган комиссия иши давомида абориген ва Торрес бўғози оролликлари ўз ҳикоя ва тажрибаларини расман баён этиш имконига эга бўлди. Комиссия тайёрлаган маълумотномада ер ва сув ҳуқуқлари, маданий бузилишлар, ўлдириш ва қирғин, соғлиқни сақлаш, таълим, турар-жой масалалари сингари долзарб мавзулар қамраб олинган.
Ҳисоботда 1834 йилдан бошлаб амалга оширилган "оммавий қирғинлар, эпидемиялар, жинсий зўравонлик, ижтимоий четлатиш, тилни йўқ қилиш, маданий ассимиляция, атроф-муҳитни бузиш, болаларни ажратиб олиш" каби сиёсатлар натижасида Викториядаги маҳаллий аҳоли жисман йўқ бўлишга яқинлашгани айтилади. 1851 йилга келиб аҳоли сони 60 мингдан 15 минггача камайган. Ҳужжатда бу ҳолат юзасидан қуйидаги сўзлар келтирилган: “Бу — геноциддир.”
Икки ойдан ортиқ давом этган очиқ эшитувлар ва 1300 дан зиёд мурожаатлар асосида тайёрланган ҳисоботда инсон ҳуқуқлари бузилишини тан олиш ва компенсация каби “тузатувчи чоралар” кўриш таклиф этилган. Шунингдек, таълим тизимини қайта кўриб чиқиш, унда маҳаллий халқ вакилларининг фаол иштирокини таъминлаш, жаҳон урушларида иштирок этган, аммо урушдан кейин ер бериш дастурларидан четда қолган абориген аскарлардан расмий узр сўраш ҳам таклиф этилган.
Соғлиқни сақлаш бўйича алоҳида ҳисоботда эса, тизимда ирқчилик кенг тарқалгани таъкидланган. Комиссия маҳаллий тиббий муассасалар ва сиёсатлар учун кўпроқ маблағ ажратиш, шунингдек, абориген мутахассислар сонини ошириш зарурлигини таъкидлаган.
Викториядаги Лейбористлар партияси ҳукумати ҳисоботга жавобан уни “эътибор билан кўриб чиқишларини” маълум қилди. Штат бош вазири Жасинта Аллан хулосалар “оғир, аммо муҳим ҳақиқатларга ойна тутганини” айтди.
Виктория Аборигенлар соғлиги ва фаровонлиги кенгаши раиси Жилл Галлахер ҳисоботдаги “геноцид” таърифи “инкор қилиб бўлмайдиган факт” эканини таъкидлади. У ABC телеканалига берган интервьюсида шундай деди:
“Биз бу ваҳшийликлар учун бугун ҳаётда бўлганларни айбламаймиз. Лекин шу кунларда яшаяпган ҳар биримизда бу тарихий ҳақиқатни тан олиш мажбурияти бор. Викториядаги барча инсонлар ушбу хулосаларни қабул қилиши, эътироф этиши ва улар билан ярашиши лозим.”
Австралиянинг бошқа штат ва ҳудудларида ҳам шундай суриштирувлар ўтказилган бўлса-да, ушбу ҳисобот мамлакат тарихида биринчи марта расман “геноцид” деб баҳо берилган ҳужжат сифатида аҳамият касб этади.