2 нафар Исроил элчихонаси ходими ўлдирилди


  • 22 Май, 2025
  • 24

АҚШ пойтахти Вашингтонда жойлашган Исроилнинг Вашингтондаги элчихонасида ишловчи 2 киши қуролли ҳужум натижасида ҳалок бўлди. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ижтимоий тармоқдаги баёнотида ҳужумни қоралаганини маълум қилиб, жиноятчилар жавобгарликка тортилишини таъкидлади.

АҚШ Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноем ҳам ижтимоий тармоқдаги баёнотида 2 нафар элчихона ходими Вашингтондаги Яҳудий музейи яқинида “маъносиз” тарзда ўлдирилганини маълум қилди.

Вазият ўрганилаётганини айтган Ноем: “Бу разил жиноятчини адолатга топширамиз”, деди.

АҚШ Федерал тергов бюроси (FBI) директори Каш Пател эса X ижтимоий тармоғидаги баёнотида ҳужум FBIнинг Вашингтондаги офисига яқин жойда содир бўлганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, полиция билан ҳамкорликда ҳодиса бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда ва жамоатчиликка маълумот бериб борилади.

АҚШ президенти Дональд Трамп эса Truth Social орқали қилган баёнотида “нафрат ва радикализмнинг АҚШда ўрни йўқ” дея таъкидлаб, ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига таъзия изҳор этди.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳам X орқали ҳужумни қоралаб: “Дуоларимиз ҳалок бўлганларнинг яқинлари билан бирга”, дея баёнот берди.

Шунингдек, Исроилнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Дэнни Данон ҳам X орқали ҳужумни “антисемитик террор акти” деб атаб, АҚШ расмийларини жиноятчиларга қарши қатъий чора кўришга чақирди.

Вашингтон метрополитен полицияси раҳбари Памела А. Смит матбуот анжуманида ҳужумчи 30 ёшли Элиас Родригес эканини маълум қилди. Смитнинг айтишича, Родригес қўлга олинган ва қўлга тушгандан кейин “Озод Фаластин” деб бақирган.


Бошқа мақолалар