Россия Толибон ҳокимиятини расман тан олди


  • 4 Июль, 2025
  • 15

Россия Афғонистоннинг янги элчисининг ишонч ёрлиғини қабул қилиб, Толибон ҳокимиятини расман тан олган илк давлатга айланди.

"Рейтер" ахборот агентлиги хабарига кўра, Россия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан берилган баёнотда қуйидагича дейилган:

«Афғонистон Ислом Амирлиги ҳукуматини расман тан олишга қаратилган ушбу қадам мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда самарали икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланишига туртки бўлишига ишонамиз».

Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, вазир ўринбосари Андрей Руденко Афғонистоннинг Москвадаги элчихонасига янги тайинланган Гул Ҳасан билан учрашган. Учрашувда Ҳасан Руденкого ишонч ёрлиғининг нусхасини топширган.

Россия оммавий ахборот воситаларида тарқалган кадрларда Афғонистоннинг Москвадаги элчихонаси биносида Толибон вақтинчалик ҳукумати томонидан ишлатилаётган байроқ ҳилпираётгани акс этган.

Шу билан бирга, Афғонистон вақтинчалик ҳукумати Ташқи ишлар вазирлиги томонидан берилган баёнотда қайд этилишича, Афғонистондаги Москванинг янги элчиси Дмитрий Захирнов Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақийга ишонч ёрлиғини топширган ҳамда Россия ҳукумати Афғонистон раҳбариятини расман тан олгани ҳақида хабар берган.

Захирнов ушбу қарорни "тарихий қадам" деб баҳолаган. Муттақий эса бу қарорни мамнуният билан кутиб олганини билдириб, бундан буён икки давлат ўртасидаги ижобий муносабатлар, ўзаро ҳурмат ва конструктив мулоқот янги босқичга кўтарилишини таъкидлаган.

Россиянинг ушбу қарори билан 2021 йил 15 августдаги ҳокимият ўзгаришидан кейин ташкил этилган Афғонистон ҳукумати тарихда илк бор бирор давлат томонидан расман тан олинди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил ёзида АҚШ ва НАТО ҳарбий кучларининг Афғонистондан чиқиб кетиши ортидан олдинги ҳукумат ағдарилиб, Толибон мамлакат бўйлаб назорат ўрнатган ва вақтинчалик ҳукумат тузилганини эълон қилган эди.

Ўша даврда кўплаб Ғарб давлатлари Афғонистондаги дипломатик ваколатхоналарини ёпган, Кобулда фақатгина айрим мамлакатлар элчихоналари ўз фаолиятини давом эттирган.

Маълумот учун, Толибон 2003 йилда Россия Олий суди қарори билан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган эди. Аммо 2024 йил декабрида Россия президенти Владимир Путин уларни ушбу рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги қонунни имзолаган. 2025 йил апрелида эса Россия Олий суди Толибоннинг мамлакатдаги фаолиятига қаратилган тақиқни бекор қилган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги шунингдек, Афғонистоннинг Москвадаги дипломатик ваколатхонаси мақомини элчихона даражасига кўтариш тўғрисида қарор қабул қилинганини маълум қилди.


Бошқа мақолалар