Минглаб одам АҚШ ватандошлигидан маҳрум қилиниши мумкин


  • 5 Июль, 2025
  • 13

АҚШ ҳукумати ўз ўтмиши ҳақида нотўғри маълумот бериб, ватандошлик олган шахсларга нисбатан қаттиқ чоралар кўришни бошлади. Айниқса, нацистлар билан боғлиқ ўтмишини яширганларни нишонга олган қонун ҳужжатлари энди янада кенгроқ доирада қўлланилмоқда. Расмийлар бу чоралар фақатгина собиқ нацистларга эмас, балки минглаб бошқа шахсларга ҳам тааллуқли бўлиши мумкинлигини билдиришмоқда.

АҚШ Адлия вазирлиги ўзини алдамчи маълумотлар орқали ватандош деб рўйхатдан ўтказган шахсларга нисбатан илгари асосан ҳарбий жиноятчиларга қўлланилган қонунни энди жиноятчи тузилмалар билан боғлиқ шахсларга ҳам татбиқ қилишни режалаштирмоқда.

Жорий йилда эълон қилинган йўриқномада, вазирлик юристларидан ватандошликдан маҳрум этиш жараёнларини энди зўравонлик қилганлар, жиноий гуруҳ аъзолари, гиёҳвандликка алоқадорлар ва фирибгарларга нисбатан ҳам устувор равишда амалга ошириш сўралган.

Бироқ CNN'га сўзлаган ҳозирги ва собиқ расмийлар, ушбу йўриқномада аниқ чегаралар белгиланмагани ва баъзи ҳолларда асоссиз айбловлар билан ҳам ватандошликдан маҳрум этиш жараёни бошланиши мумкинлигидан хавотир билдиришди.

Мазкур қонун илк бор Маккарти даврида коммунистларни ва кейинчалик ҳарбий жиноятчиларни мамлакатдан чиқариш мақсадида қабул қилинган. 1979 йили Адлия вазирлиги махсус бўлим ташкил қилиб, нацистларга кўмаклашган юзлаб шахсларни аниқлаган ва тахминан 100 нафар ватандошни мамлакатдан чиқарган ёки унга нисбатан ватандошлик мақомини бекор қилган.

Обама маъмурияти даврида ушбу чоралар “Janus операцияси” орқали кенгайтирилиб, кимлик ўғирловчилар ҳам нишонга олинган эди. Кейинроқ Трамп маъмурияти ушбу фаолиятни янада кучайтириб, 2020 йилда Адлия вазирлигида махсус идора ташкил қилди. Аммо 2021 йилда Байден маъмурияти бу идорани тугатди.

Оқ уйга қайта сайланган Трамп бу сафар Адлия вазирлигининг бутун фуқаролик ишлари бўлимига “қонун рухсат берган барча ҳолатларда” ватандошликдан маҳрум этиш жараёнларини устувор вазифа сифатида юритиш буйруғини берди.

Case Western Reserve университети профессори Кассандра Бёрк Робертсон CNN’га берган интервьюсида:

“Ватандошлик масаласининг сиёсийлашиши мени жиддий хавотирга солади. Бу ҳолат демократик тизимимизнинг руҳига зид”, – деди.

Hofstra университети профессори Ирина Манта эса бу амалиёт сўз эркинлигига нисбатан “қўрқув муҳити” юзага келтириши мумкинлигини қайд этди.

CNN тарқатган маълумотларга кўра, Трамп федерал идораларни муҳожирларни мамлакатдан чиқариш жараёнларига жалб қилишга, хорижлик талабалар визаларига зарба беришга ва ҳатто АҚШда туғилганларни ҳам “ёмон одамлар” деб тарғиб қилиб, чиқариб юбориш ғоясини омма олдида тарғиб қилмоқда.

Яқинда Республикачилар партиясидан Конгресс аъзоси Энди Оглс Бош прокурор Пам Бондидан Нью-Йорк шаҳар мэрлигига номзод, Угандада туғилиб, 2018 йилда АҚШ ватандоши бўлган Зоҳран Мамданига нисбатан тергов ўтказишни сўради. Сабаб — Мамданининг бир рэп қўшиғида Ҳамасга алоқадор шахсларни “улуглагани” айтилмоқда. Шу асосда уни ватандошликдан маҳрум этиш мумкинми-йўқми, деган савол қўйилди.


Бошқа мақолалар