АҚШ ватандоши самолётни олиб қочмоқчи бўлди


  • 18 Апрель, 2025
  • 17

Белизда юз берган таҳликали воқеа бутун дунё оммавий ахборот воситалари эътиборини тортди: АҚШ ватандоши кичик йўловчи самолётини пичоқ билан қуролланиб қўлга олди. Tropic Air авиакомпаниясига тегишли ҳаво кемасида 14 нафар йўловчи ва икки нафар экипаж аъзоси бўлган. Афсуски, ҳодиса пайтида бир нечта киши жароҳат олди.

ABC News манбаларига таянадиган расмий маълумотларга кўра, А.С. Тейлор исмли ватандош учишдан бир неча дақиқа олдин самолётга чиқиб, уни қўлга олган. У экипажга пичоқ билан таҳдид қилиб, мамлакатни тарк этиш учун ёқилғи талаб қилган. Унинг мақсади – Белиздан чиқиб кетиш бўлган.

Бошқа йўловчилар учун хавфли бўлган вазият кескин бурилиш олди: лицензияланган ўқотар қуролига эга бўлган йўловчи унга қарши ҳаракат қилди ва ҳужумчини кўкрак қисмига отиб, уни таъсирсиз ҳолга келтирди. Тейлор олган оғир тан жароҳати оқибатида воқеа жойида вафот этди.

Энг қизиғи – терговчилар ҳали ҳам Тейлор қандай қилиб самолёт бортига чиқиб олганини аниқлай олишгани йўқ, чунки унга мамлакатга кириш учун расман рухсат берилмаган бўлган.

Маҳаллий полиция ҳодиса юзасидан тергов ишларини олиб бормоқда. Расмий маълумотларга кўра, воқеа натижасида уч киши турли даражада жароҳат олган.

Channel 5 Belize телеканали маълум қилишича, ушбу рейс Tropic Air авиакомпаниясига тегишли бўлиб, Коросал шаҳридан Сан-Педро йўналиши бўйича амалга оширилаётган парвоз бўлган.

Ҳаво назорати ходимлари хабар беришича, қўлга олиш ҳолати ҳақидаги сигнал соат 08:30 да келиб тушган. Самолёт тахминан икки соат давомида шаҳар атрофида ноаниқ йўналишда парвоз қилган ва ниҳоят, соат 10:12 да хавфсиз ҳолда қўнган.

Белиз осмонида содир бўлган ушбу фожиали ҳодиса хавфсизлик чоралари янада кучайтирилиши зарурлигини яна бир бор эслатади.


Бошқа мақолалар