- 2018-07-16
Индонезиянинг Шарқий Флорес вилоятида жойлашган Левотоби Лаки-Лаки вулқони 18 июндан сўнг яна фаоллашди. Сўнгги портлашда вулқон 18 километр баландликкача кучли кул улоқтирди.
Индонезия Вулканология ва геологик хавфларни камайтириш маркази маълумотига кўра, вулқондаги илк портлаш 18 июнь куни кузатилган ва фаоллик ҳозиргача давом этмоқда.
Сўнгги портлаш маҳаллий вақт билан соат 01:05 да содир бўлган. Унинг натижасида юқори ҳароратли газ булутлари вулқон этакларидан пастга томон тушган, кул эса атрофдаги қишлоқларга тарқалган. Ҳозирча ҳалок бўлганлар ёки жароҳатланганлар ҳақида хабар берилмаган.
18 июнда содир бўлган аввалги портлашдан кейин хавф даражаси энг юқори босқичга кўтарилиб, хавфли ҳудуд радиуси 7 километргача кенгайтирилган эди.
Баландлиги 1584 метр бўлган Левотоби Лаки-Лаки вулқони, яқинидаги Левотоби Перемпуан вулқони билан бирга “эгиз вулқонлар” сифатида танилган. Индонезия “Олов ҳалқаси” деб аталувчи сейсмик фаол ҳудудда жойлашган бўлиб, мамлакат ҳудудида тахминан 130 та фаол вулқон мавжуд.
Маълумотларга кўра, 2024 йил ноябрида Левотоби Лаки-Лаки вулқонидаги портлашда 9 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одам жароҳатланган эди.