- 2018-08-17
Таиландда кучли ёмғирлар келтириб чиқарган сув тошқинлари оқибатида сўнгги 10 кун ичида 8 киши
ҳаётдан кўз юмди. Пойтахт Бангкокда 50 та туман фавқулодда ҳудуд деб эълон қилиниб, минглаб одамлар хавфсиз жойга кўчирилди. Кучли ёғингарчилик йўлларни кўлга айлантирди, аҳоли қайиқлар ва шишириладиган бассейнлар ёрдамида ҳаракатланишга мажбур бўлаётгани кузатилди.
Таиландда кучли ёғингарчилик ҳаётни фалаж қилиб қўйди. Таиланд Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш департаменти (DDPM) маълумотларига кўра, мамлакат бўйлаб 25 та вилоятда кузатилган кучли ёмғирлардан 545 мингдан ортиқ киши жабр кўрган, сўнгги 10 кун ичида сув тошқини сабабли 8 киши ҳалок бўлган.
DDPM томонидан тарқатилган баёнотда айтилишича, 50 та тумани фавқулодда ҳудуд деб эълон қилинган пойтахт Бангкокда қарийб 52 минг хонадон сув тошқинидан зарар кўрган, тахминан 5 минг киши эса тошқин сабабли вақтинчалик бошпана марказларига эвакуация қилинган. Пойтахт Бангкокда эртага ва сешанба куни расмий дам олиш куни деб эълон қилинди.
Таиланд бош вазири ва ички ишлар вазири Анутин Чарнвиракул бугун Бангкокда сув тошқинидан қаттиқ жабр кўрган айрим ҳудудларга ташриф буюрди. Бош вазир Анутин матбуот анжуманида ҳукумат барча имкониятлари билан сув тошқинидан жабрланган аҳолига ёрдам беришга ҳаракат қилаётганини, бироқ асосий устуворлик ҳаёти хавф остида бўлган инсонларга қаратилганини таъкидлади. Бош вазирнинг ташрифи чоғида баъзи аҳоли ҳукуматнинг ҳаракатлари етарли эмаслигини айтиб, норозилик билдирдилар.
Мамлакат бўйлаб давом этаётган кучли муссон ёмғирлари ва улар келтирган зарар сабабли қидирув-қутқарув ва ёрдам ишларини олиб бораётган ҳарбий кучлар Бангкокдаги ишларда ҳам иштирок этди. Ҳарбий хизматчилар юк машиналари ва ҳарбий қайиқлар ёрдамида аҳолининг ҳаракатланишига, оғир шароитдаги уйларга озиқ-овқат ва сув тарқатишга кўмаклашаётгани кузатилди.
Бангкок ҳокими Чадчарт Ситтипунт ёғингарчилик тўхтаган тақдирда сувни чиқариб ташлаш ишлари жадаллаштирилишини, бироқ юқори ҳудудлардан оқиб келаётган сув сабабли шаҳарнинг айрим қисмларида сувнинг тўлиқ қайтиши бир неча кун давом этиши мумкинлигини айтди.
Бошқа томондан, сув тошқини туфайли Бангкокдаги иккита халқаро аэропортда ҳам қатновлар ва фаолиятда узилишлар кузатилди. “Суварнабхуми” аэропортида ер усти хизмати ходимларининг баъзилари аэропортга етиб кела олмагани ва жиҳозлар билан боғлиқ муаммолар сабабли парвозлар кечикиши ҳамда багажни топширишда узилишлар юзага келгани хабар қилинди.
Таиланд граждан авиацияси бошқармаси (CAAT) йўловчиларга сув тошқини туфайли парвоздан камида 3 соат олдин аэропортларда бўлишларини сўраб мурожаат қилди. Масъуллар аҳолига расмий огоҳлантиришларга риоя қилиш, хавфли ҳудудлардан узоқлашиш ва эвакуация қилиш бўйича кўрсатма берилган тақдирда вақт йўқотмасдан хавфсиз жойларга ўтишни тавсия қилди.