Теҳрон беш давлат кемаларига рухсат берди


  • 26 Март, 2026
  • 19

Теҳрон дўст мамлакатлар кемаларига блоклаб қўйилган Ҳурмуз бўғози орқали ўтишга рухсат берди. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи баёнот берди.

“Биз Ҳурмуз бўғози орқали ўтишга ўзимизга дўст деб билган бир қанча давлатларга, масалан, Россия, Ҳиндистон, Ироқ, Хитой ва Покистонга рухсат бердик. Рақибларимизга бўғоздан фойдаланишга йўл қўйишдан маъно кўрмаяпмиз”, дея унинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда “Ал-Алам” телеканали.

Ароқчининг сўзларига кўра, Ҳурмуз бўғози орқали ўтиш фақат рақиб кемалар учун тақиқланган бўлиб, Теҳрон улар қаторига АҚШ ва Исроилни киритади.

“Душман бошқа давлатлар ёрдамида бўғозни очишга ҳаракат қилди, лекин муваффақиятсизликка учради. Бўғоз фақат душман кемалари учун ёпиқ”, деди вазир.

Аввалроқ Bloomberg агентлиги ўз манбаларига таяниб, Эрон маъқулланган ташувчилар учун бўғоз орқали пуллик ўтиш тизимини жорий қилгани ҳақида ёзган эди. Агентлик, шунингдек, транзитни тасдиқлаш тизими ишга туширилиши кутилаётганини ҳам хабар қилганди.

Чоршанба куни Bloomberg Вашингтон Теҳронга топширгани айтилаётган тинчлик режаси матнини эълон қилди. 15 та банддан иборат ҳужжатнинг бирига кўра, Ҳурмуз бўғози эркин кема қатнови зонаси бўлиб қолиши керак эди.

Қайд этилишича, Теҳрон бу талабларни мантиқсиз деб атаб, уларни рад этган. Оқ уй эса нашрда кўплаб дезинформация (ёлғон маълумот) борлигини, бироқ унда ҳақиқий маълумотлар ҳам мавжудлигини билдирди.

Бундан олдин Эрон телевидениеси мамлакат барча талаблари бажарилмагунча тажовузга қарши туриш ниятида эканини хабар қилган эди. Бу талаблар орасида – келажакда уруш такрорланмаслиги кафолати, етказилган зарарни қоплаш ва Ҳурмуз бўғози устидан назорат ўрнатиш кабилар бор.


Бошқа мақолалар