Бангладешда умуммиллий мотам эълон қилинди


  • 22 Июль, 2025
  • 22

Бангладешнинг пойтахти Дакка шаҳрида содир бўлган учоқ ҳалокати бутун мамлакатни чуқур мотамга солди. Муддатли ўқув парвозини амалга ошираётган ҳарбий учоқ аҳоли зич яшайдиган ҳудудда жойлашган мактаб биносига қулаши оқибатида 27 киши, шу жумладан 25 нафар бола ҳалок бўлди. Душанба куни содир бўлган ушбу фожиали воқеадан сўнг, Бангладеш ҳукумати бир кунлик умуммиллий мотам эълон қилди.

Ҳалокатга учраган учоқ Хитойда ишлаб чиқарилган F-7 BJI турдаги ҳарбий учоқ бўлиб, Бангладеш армиясининг баёнотига кўра, парвоз вақтида техник носозликка дуч келган. У учувчи томонидан аҳоли зич яшайдиган ҳудудлардан четга бурилмоқчи бўлган, бироқ барча ҳаракатларга қарамай, учоқ икки қаватли мактаб биносига келиб урилган.

Бангладеш Соғлиқни сақлаш ва оила фаровонлиги вазирлиги вакили Саедур Рахманнинг маълум қилишича, ҳалок бўлганлардан 25 нафари болалар, бири эса учоқни бошқарган учувчи бўлган. Унга кўра, 78 киши турли шифохоналарда даволанмоқда, 170 дан зиёд инсон ушбу фожиадан жабрланган.

Милстоун мактабида ҳалокатдан кейин душанба куни дарслар бекор қилинди. Ҳодиса кўпгина ўқувчилар дарсдан янги чиққан пайтда содир бўлган. Мактаб ўқитувчиларидан бири Шахадат Ҳоссайн: “Бу фақат болаларни эмас, мактабни ҳам йўқ қилди”, — деди. Унинг таъкидлашича, ҳалокат юз берган бино ёнида ўқувчилар ўйнаши учун ўрнатилган ҳалинчаклар бўлган ва айни ўша вақтда болалар ўша ерда бўлишган.

Ҳаво кучлари фожиа содир бўлган мактаб атрофида қутқарув ишларини олиб бормоқда. Ҳодиса жойидан болаларга тегишли сумка, пойабзал ва шахсий ҳужжатлар тўпланмоқда. Юқори лавозимли полициячи Пахн Чакма: “Бу ҳудудни кейинчалик полицияга топширамиз ва далил сифатида барча буюмлар йиғиб олинади”, — деди.

Бангладешнинг вақтинчалик етакчиси Муҳаммад Юнус баёнотида: “Бу миллат учун ўта оғир дардли палладир”, — деди. У Милстоун мактаби ўқувчилари, уларнинг ота-оналари, ўқитувчилари ва ходимларининг йўқотилиши “бартараф этиб бўлмас мусибат” эканини қайд этди.


Бошқа мақолалар