Ташиевга ҳокимиятни зўрлик билан босиб олиш айби қўйилди


  • 30 Апрель, 2026
  • 14

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиевга ҚР Жиноят кодексининг иккита моддаси бўйича айблов эълон қилинди. Бу ҳақда Қирғизистон ОАВлари адвокат Икрамидин Айткуловга таяниб хабар бермоқда.

ОАВ хабарларига кўра, Қамчибек Ташиев ҚР Жиноят кодексининг “Ҳокимиятни зўрлик билан босиб олиш ёки ҳокимиятни зўрлик билан ушлаб туриш, шунингдек, конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга қаратилган ҳаракатлар” ҳамда “Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш” моддалари бўйича айбланмоқда.

Гап ушбу модданинг 2 ва 4-қисмлари ҳақида бормоқда: ўзи ёки бошқа шахслар учун манфаат ва устунликлар олиш мақсадида ёки бошқа шахсий манфаатдорлик йўлида содир этилган қилмиш, шунингдек, масъул лавозимни эгаллаб турган мансабдор шахс томонидан содир этилган ҳаракат.

Ташиевга нисбатан яшаш жойини тарк этмаслик тўғрисидаги тилхат кўринишидаги эҳтиёт чораси танланди. Адвокатнинг сўзларига кўра, унинг ҳимояси остидаги шахс айбини тан олмайди, деб ёзади 24.kg.

Собиқ бош прокурор Қурманқул Зулушев ва парламент собиқ спикери Нурланбек Турғунбек ўғли бўйича вазият ноаниқ бўлиб қолмоқда. Улар ҳам ушбу ишда иштирокчи сифатида қайд этилган.

Аввалроқ Қирғизистон ОАВлари собиқ юқори мартабали мулозимлар икки кун давомида Ички ишлар вазирлигида сўроқ қилингани ҳақида хабар берган эди.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида 75 киши Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Жогорку Кенеш торағасига муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказишга чақириб, мурожаат йўллагани маълум бўлган эди.

10 февраль куни Жапаров ўзининг дўсти ва маслакдоши Қамчибек Ташиевни барча лавозимларидан озод қилди. Қирғизистон раҳбари матбуот хизмати маълумотларига кўра, “бу қадамдан асосий мақсад давлат бирлигини мустаҳкамлаш ва жамиятда, жумладан, давлат тузилмалари ўртасида бўлинишнинг олдини олиш бўлган”. Жапаров матбуот котибининг хабар беришича, Ташиевнинг яқин атрофидаги кишилар гўёки депутатларга қўнғироқ қилиб, уларни “генерал томонига ўтишга” ва “президентнинг янги сайловларини бошлашга” ишонтиришган.

Собиқ дўсти ва маслакдоши билан орадаги келишмовчилик ҳақида гапирар экан, Жапаровнинг ўзи бу масалани фожиага айлантирмасликка чақирди.

Ташиевнинг истеъфосидан сўнг куч ишлатар блог қайта қурилди: унинг ўринбосарлари лавозимидан айрилди, Чегара хизмати МХДҚ таркибидан чиқарилди, шунингдек, бевосита президентга бўйсунувчи янги Давлат қўриқлаш хизмати ташкил этилди.

Кейинчалик жиноят иши қўзғатилди. “75 талик хат”га имзо чекканларнинг бир қисми СИЗОга (тергов ҳибсхонасига) жойлаштирилди. Улар оммавий тартибсизликларни ташкил этишда айбланмоқда.


Бошқа мақолалар