- 2015-02-25
Шавкат Мирзиёев мамлакат саноати тарихида биринчи марта 6,5 минг метр ер қаърини бурғилаш орқали жуда катта газ захираси топилганини маълум қилди. Шунингдек, президент дунёдаги волфрам, молибден, рух ва титан захираларининг 10–15 фоизи минтақага тўғри келишини қайд этди.
Қорақалпоғистондаги Устюрт платосида жуда катта газ захираси топилди, дея маълум қилди Шавкат Мирзиёев 15 сентябрдаги мулоқотда.
«Мамлакатимизда ерости бойликларининг улкан захираси мавжуд. Илгари нефт-газ соҳасидаги қидирув ишлари фақат 2,5–3 минг метр чуқурликда олиб бориларди. Бу йил саноатимиз тарихида биринчи марта Устюртда 6,5 минг метр ер қаърини бурғулаб, жуда катта газ захираси топилди», – деди давлат раҳбари.
Президентнинг таъкидлашича, «тўртинчи саноат инқилоби»ни амалга ошириш учун дунёда теллур, литий, селен, графит, молибден каби технологик минералларга талаб бир неча карра кўпаймоқда. «Таҳлилларга кўра, дунёдаги вольфрам, молибден, рух ва титан захираларининг 10−15 фоизи минтақамизга тўғри келади», – дея қўшимча қилди у.
«Ушбу улкан ресурсларни юқори қўшилган қийматли маҳсулотга айлантириш учун бизга энг аввало илм, билим ва инновация керак», – деди президент.
Kun.uz дан олинди.