Авлиёлар маскани – Сурия


  • 23 Сентябрь, 2025
  • 20

Сурия замини ислом тарихида фақат сиёсий ва маданий марказ эмас, балки кўплаб авлиёлар, уламолар ва зоҳидлар яшаган баракали бир диёр бўлган.

Мусулмонларнинг Шомга қадам қўйиши ҳазрати Умар (розиаллоҳу анҳ) даврида содир бўлди. Ярмуқ жанги билан бошланган фатҳлар минтақа ислом географиясининг ажралмас қисмига айлантирди. Кейинчалик Умавийлар пойтахтларини Шомга кўчирдилар. Бу давр шаҳарнинг энг гуллаб-яшнаган даврларидан бири бўлди. Саройлар, масжидлар ва мадрасалар билан тўлдирилган Шом мусулмонларнинг асосий марказларидан бирига айланди.

Ҳадисларда ҳам Шомнинг фазилати ҳақида кўп марта сўз юритилган. Пайғамбаримиз:

“Шомга қандай бахт! Шубҳасиз, фаришталар қанотларини ёйган муқаддас заминдир”, — деб бу тупроқларнинг маънавий аҳамиятини таъкидлаганлар.

Дунёнинг энг қадимги шаҳарларидан бири бўлган Шом тарих давомида фақат сиёсатнинг эмас, ислом тарихининг ҳам энг муҳим марказларидан бири ҳисобланган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муаззини Билол Ҳабаший, Муоз ибн Жабал, Абу Дардо каби кўплаб саҳобаларнинг муқаддас қабрлари айнан Шомда жойлашган.

Сўфий уламоларидан “Шайхул Акбар” номи билан машҳур Муҳйиддин Ибн Арабий, Мавлоно Холид Бағдодий, ҳадис олими Имам Навовий, тасаввуф арбоби Абдулғани Наблусий ва фиқҳ олими Ибни Обидин ҳам Шомнинг маънавий султонлари орасидан ўрин олган. Шу боис, бу ўлка тарих давомида “авлиёлар маскани” деб аталган. Бугун ҳам Шом кўчаларида юраркансиз, деярли ҳар бурчагида бир саҳобий ёки улуғ авлиёнинг изига дуч келасиз.

Тарих давомида Шом билан Ҳалаб орасида муҳим тўхташ жойи бўлган, ҳозирги кунда ҳам Суриянинг юрагида жойлашган Маоратун-Нуъмон, хусусан Аббосийлар даврида мадрасалари, уламолари ва авлиёлари билан илм, маърифат ва маънавият маркази бўлиб, мусулмонлар тинчлик ва фаровонликда яшаган муқаддас бир макон ҳисобланган. Бугун эса Асаднинг зулми туфайли вайронага айланиб қолган бўлса-да, асрлар олдинги муборак зотларнинг ҳурмати билан ҳануз тик турибди.

Шубҳасиз, бу заминнинг энг буюк ва муборак зотларидан бири Умавий халифаларидан ҳазрати Умар ибн Абдулазиздир.

Умавий халифаларининг саккизинчиси бўлган Умар ибн Абдулазиз адолат ва тақвоси билан танилган, Умавийлар орасида “Иккинчи Умар” деб аталган. У султонлик тахтини ҳукмдор сифатида эмас, балки подшоҳлик шаънини бир четга қўйиб, халқнинг дарди билан яшаган, саройлар шукуҳини эмас, адолат соясини ихтиёр қилган, адолатнинг султони, тавозеънинг рамзи сифатида қисқа умри ва халифалигини одамларга ва ислом динига хизмат йўлида фидо қилган буюк давлат арбоби ва авлиёлардан бири сифатида тарих саҳифаларида ўрин олган.

Умар ибн Абдулазиз исломга киритилган бидъатларни йўқотишга, унутилган суннатларни қайта тирилтиришга ҳаракат қилди. Ҳадисларни тўплатиб, китоб ҳолатига келтирди. Шу билан бирга, ўз ижтиҳодлари билан кейинги авлодларга йўл кўрсатди ва уламолар томонидан ҳам қабул қилинди. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал шундай деган:

“Саҳобаларнинг фатволаридан кейин энг тўғри фатво тобеинларнинг фатволаридир. Улар орасида энг кўп афзал кўрганим Умар ибн Абдулазизнинг фатволаридир”.

Умар ибн Абдулазизнинг Ҳама яқинидаги Маоратун-Нуъмондаги муқаддас қабри кўп бор урушлар сабабли зарар кўрган. Энг сўнгги марта Туркия ҳукуматининг саъй-ҳаракатлари билан тикланди ва зиёратга очилди. Ҳозирда кўплаб мусулмонлар у ерни зиёрат қилиб, унинг фазлидан баҳраманд бўлмоқда.

Муҳйиддин Ибн Арабий улуғ авлиёлардан бири, тасаввуфда олий мартабага етишган, умрини Аллоҳнинг амр ва тақиқларини тушунтириш, одамларни абадий саодатга етказиш йўлида сарф этган буюк ислом олими эди. 1165 йилда Андалуснинг Мурсия шаҳрида туғилган, тафсир, ҳадис, фиқҳ, қироат каби кўплаб илмларда етук аллома бўлган. Тасаввуфда эса Абу Мидйан Магрибий, Жамолиддин Юнус ибн Яҳё, Абу Абдуллоҳ Тамим, Абул-Ҳасан ва шайх Абдулқодир Гейлонийнинг руҳониятларидан файз олиб, машҳур даражаларга етиштирилган.

Муҳйиддин Ибн Арабий ҳар бир ишини Аллоҳнинг ризосига эришиш учун қиларди. Унинг таъкидича, Аллоҳнинг ризосига ва маърифатга эришиш учун исломга тўлиқ риоя қилиш зарур. “Ислом амрларидан бирортасини бажармаганнинг маърифати тўғри эмас”, — дерди у.

У умрининг катта қисмини ислом амр ва тақиқларини тушунтириш йўлида ўтказди. Макка, Шом, Онадўли ва турли ислом юртларини зиёрат қилди. Охирги йилларини Шомда ўтказди ва 1240 йилда у ерда вафот этди. Қабри бугун ҳам Шомда зиёрат қилинадиган муҳим маънавият марказларидан ҳисобланади.

Шом ва унинг атрофи — “Шом диёри” номли бу кенг ҳудуд асрлар давомида саноқсиз авлиё ва уламоларнинг маскани бўлиб келган. Улар умрларини Аллоҳнинг амр ва тақиқларини тушунтиришга бағишлаганлар. Аллоҳ барчамизни уларнинг шафоатига мушарраф этсин.

Сурия деганда, шубҳасиз, ислом тарихининг энг буюк қўмондонларидан бири, Сурия заминида чуқур из қолдирган ва “Аллоҳнинг қиличи” лақаби билан танилган Холид ибн Валид эсланади. У ислом қўшинларини кўплаб урушларда ғалабага етаклаган, айниқса Ярмуқ жанги ва Суриянинг фатҳида улкан рол ўйнаган. Унинг ҳарбий заковати ва жасорати мусулмонлар қалбида алоҳида ўрин тутишига сабаб бўлди. Хумусда жойлашган муқаддас қабри бугун ҳам мусулмонлар зиёрат қиладиган муқаддас маконлардан биридир. Сурия халқи Холид ибн Валиднинг маънавий меросини катта ҳурмат билан сақлаб келмоқда.

Шомнинг марказида қад ростлаган Умавий масжиди нафақат ўзига хос меъморлиги, балки маънавий руҳи билан ҳам мусулмонларнинг учрашув нуқтаси сифатида ажралиб туради. Масжид ичида ҳазрати Яҳё (алайҳиссалом)нинг мақоми бор. Асрлар давомида бу ерга келган мусулмонлар хушуъ билан ибодат қилиб, дуо қиладилар ва қалбларини маънавий осойишталик билан тўлдирадилар. Сўнгги йилларда уруш ва зулмга қарамасдан, Шом аҳолиси авлиёлар мақбараларини зиёрат қилишдан воз кечмаган, маънавий боғланишни узмаган. Онадўлида билан Шомдаги даргоҳлар ўртасидаги боғ ҳануз хотирланади.

Тарихий даврлардан то бугунгача етиб келган муборак шаҳар Шом асрлар давомида кўплаб уламолар ва авлиёларни бағрига олди. Бу маънавият султонларидан бири — Нақшбандия тариқатининг Холидия йўналиши асосчиси Мавлоно Холид Бағдодийдир.

У одамларга ҳақ йўлини кўрсатиб, уларни ҳақиқий саодатга етказган, “Силсилаи олийя” деб аталган уламолар ва авлиёлар занжирининг йигирма тўққизинчиси эди. Асрининг мужаддиди саналган у 1779 йили Ироқнинг Шеҳразур вилоятида туғилди. Ёшлигидан илм йўлида юриб, фиқҳ, тафсир ва ҳадис илмларида етук даражаларга етди. Ёшликда тасаввуф йўлига кириб, Ҳиндистонга борди ва у ерда буюк муршид шайх Абдуллоҳ Деҳлавийдан тўлиқ ижозат ва халифалик олди.

Мавлоно Холид Бағдодий кейин юртига қайтиб, илм ва одоб тарқатди. Одамларга ислом амр ва тақиқларини тушунтириб, дунё ва охиратда нажот топишлари учун хизмат қилди. Унинг тарбиясида юзлаб халифалар етишиб чиқди. Улар Онадўлидан Болқонларга, Кавказдан Яқин Шарққа қадар кенг ҳудудда мадрасалар қуриб, исломий таълимотни, аҳли суннат эътиқодини ва Нақшбандия одобларини одамларга етказдилар, уларни иҳшод этдилар.

1827 йили вафот этган Мавлоно Холид Бағдодий ҳозир Шомдаги Қасиюн тоғининг этакларидаги мақбарасида зиёратчиларни қабул қилмоқда. Унинг муқаддас қабри дунё бўйлаб келган зиёратчилар қалбига маънавий руҳ бағишлайдиган муқаддас маскан ҳисобланади.


Бошқа мақолалар