Жулдиз Сулейменова маориф вазири этиб тайинланди


  • 29 Сентябрь, 2025
  • 20

Қозоғистонда янги маориф вазири тайинланди. Бу лавозимга Жулдиз Сулейменова келди.

Жулдиз Сулейменова 1983 йил 5 августда туғилган. У таълимни Ал-Фаробий номидаги Қозоқ миллий университетида олган. 2004 йилда “тарих” мутахассислиги бўйича бакалавр босқичини тамомлаган. 2006–2008 йилларда “фалсафа ва сиёсатшунослик” йўналишида магистратурада таҳсил олган.

2011 йилда докторантурани якунлаб, “маданиятшунослик” ихтисоси бўйича PhD докторлик даражасини олган.

2000–2004 йилларда Ал-Фаробий номидаги Қозоқ миллий университети талабалар ўзини-ўзи бошқариш ташкилоти раиси бўлган.

2004–2006 йилларда Актобе институти (Алмати иқтисодиёт ва статистика академияси филиали) ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси ўқитувчиси ҳамда Ёшлар ишлари бўйича қўмита раиси лавозимларида ишлаган.

2006 йилда “Отан” партияси Актобе вилояти филиалида ёшлар ишлари бўйича маслаҳатчи, шунингдек, “Жас Отан” ёшлар қаноти раиси ўринбосари бўлган.

2007 йилда Алмати шаҳридаги И.Алтинсарин номли 159-сонли кўп тармоқли гимназияда тарих ва ҳуқуқ фани ўқитувчиси сифатида меҳнат қилган.

2010–2011 йилларда Қозоқ миллий аграр университетида ўқув-тарбия ишлари бўйича проректор ўринбосари ҳамда ёшлар маъмурияти раиси лавозимларида фаолият юритган.

Кейин Халқаро бизнес академиясида талабалар билан ишлаш бўйича декан, Қозоқ давлат аёллар педагогика университетида бош илмий котиб бўлиб ишлаган.

2012–2014 йилларда “Назарбоев Интеллектуал мактаблари” АЖ таълим сиёсати ва дастурлари департаменти катта менежери бўлган.

2014–2017 йилларда “Назарбоев Интеллектуал мактаблари” АЖ таълим сиёсати ва дастурлари департаменти директори ўринбосари, 2017 йилдан 2021 йил январгача эса ривожлантириш департаменти директори бўлиб ишлаган.

2022 йил 14 июндан – Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий Қурултой аъзоси.

2021 йил 14 январдан 2023 йил 19 январигача “Нур Отан” партиясидан VII чақириқ Мажлис депутати, 2023 йил 28 мартдан – “Аманат” партиясидан VIII чақириқ Мажлис депутати.

Эслатиб ўтамиз, бугун тонгда давлат раҳбари Ғани Бейсембаевни маориф вазири лавозимидан озод этди.

Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири лавозимида ишлаб келган Жаслан Мадиев эса бош вазир ўринбосари – сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири этиб тайинланди.

Шунингдек, ўтган ҳафта Қозоғистон сиёсий блокида бир қатор кадр ўзгаришлари юз берди.

Собиқ бош вазир ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу халқаро инвестиция ва савдо ҳамкорлиги бўйича Президент ёрдамчиси этиб тайинланди. ТИВ раҳбари лавозимига эса энди собиқ бош вазир ўринбосари Ермек Кошербаев келди.

Тамара Дуисенова Президент ёрдамчиси лавозимидан озод этилди. Шунингдек, Қанат Шарлапаев ва Ержан Қозихан ҳам ишдан озод қилинди. Ержан Қозихан энди Қозоғистоннинг Женевадаги (Швейцария) БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакили бўлди. У бу лавозимда Ерлан Алимбаевнинг ўрнини эгаллади.

Ернар Баспаев ва Зулфия Сулейменова Президент маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди.

Бахитжан Сапиев Президент Тўқаевнинг маслаҳатчиси этиб тайинланди. Шунингдек, давлат раҳбари Президент администрацияси Давлат назорати бўлими мудирини тайинлади. Бу лавозимга Алихан Жамсатов келди.

Шунингдек, Нью-Йорк сафари ортидан Тўқаев Ержан Ашиқбаевни Қозоғистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимидан озод этди. У бу вазифада тўрт йилдан ортиқ ишлаган эди.


Бошқа мақолалар