Оқ уй яқинида 2 Миллий гвардиячи ўққа тутилди


  • 27 Ноябрь, 2025
  • 13

АҚШда Оқ уй яқинида содир бўлган қуролли ҳужумда 2 нафар Миллий гвардия ходимлари яраланди. Ҳарбийларнинг аҳволи оғирлиги айтилмоқда. Хавфсизлик кучлари ҳужумчи ҳисбга олинганини эълон қилди. Воқеадан сўнг Оқ уй хавфсизлик сабабли кириш ва чиқишлар учун ёпилди. АҚШ президенти Дональд Трамп ҳужумчи яраланганини ва "жуда оғир бадал тўлашини" билдирди.

Федерал Тергов Бюроси (ФТБ) директори Кэш Пател АҚШ пойтахти Вашингтонда Оқ уй яқинида ўққа тутилган икки нафар Миллий гвардия ҳарбийсининг аҳволи ўта оғир эканлигини маълум қилди.

АҚШ маҳаллий вақти билан кундузги соат 14:15 атрофида Оқ уйга жуда яқин жойда содир бўлган ҳужум юзасидан ФТБ директори Пател ва бошқа мутасаддилар матбуот анжумани ўтказдилар.

Пател, аввалроқ ўққа тутилган икки Миллий гвардиячининг ўлганини эълон қилган Ғарбий Виржиния губернатори Патрик Моррисейнинг баёнотига қарама-қарши равишда, ушбу ҳарбийлар ўлмаганини, аммо аҳволи ҳамон ўта оғирлигини таъкидлади.

Пател ҳозирча қўлларидаги далилларга кўра, ҳужумчи бир киши бўлганини ва бу шахс ҳисбга олинганини маълум қилди.

У воқеани энг юқори даражада текширишларини таъкидлаб, "Бу муҳим миллий хавфсизлик масаласидир. Президент Трамп ҳам мавзу билан боғлиқ хабардор қилинган ва жараённи яқиндан кузатиб бормоқда", деди.

Матбуот анжуманида сўзга чиққан Вашингтон шаҳри ҳокими Мюриэл Баузер ушбу ҳужумни "аниқ бир мақсадга қаратилган ҳужум" сифатида таърифлади ва воқеани ФТБ билан биргаликда ҳар томонлама текширишларини айтди.

Вашингтон Полиция департаменти АҚШда жойлашган X компаниясининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали воқеага алоқадор бир гумонланувчининг ҳисбга олинганини маълум қилган эди.

АҚШ Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноем ҳам воқеани тасдиқлаб, вазирлик буни текшираётганини билдирган эди.

Шунингдек, АҚШ президенти Дональд Трамп Truth Social аккаунтида воқеа юзасидан баёнот берди.

Трамп икки Миллий гвардия ҳарбийси касалхонада даволанаётганини айтиб, ҳужум содир этган шахс учун "ҳайвон" иборасини ишлатди.

Трамп ўз баёнотида: "Икки Миллий гвардия ҳарбийсини яралаб, иккаласининг ҳам оғир аҳволга тушишига сабабчи бўлган ҳайвон ҳам оғир яраланган, аммо нима бўлишидан қатъий назар у жуда оғир бадал тўлайди. Буюк Миллий гвардиячиларимизга ва барча ҳарбий ходимларимиз ҳамда ҳуқуқ-тартибот органларига Худо ёр бўлсин. Булар ҳақиқатан Буюк Инсонлар. Америка Қўшма Штатлари президенти сифатида мен ва президентлик лавозимига алоқадор ҳар бир киши сизнинг ёнингиздамиз!" деди.


Бошқа мақолалар