- 2017-02-16
Россияда Қозон-Адлер йўналишидаги йўловчи поезд юк автомобили билан тўқнашиб рельсдан чиқиб кетди.
Россия ички ишлар вазирлигининг расмий вакили Ирина Волк “Соат 12:40 ларда полицияга Котельникова хутори атрофида Камаз юк машинаси билан Қозон-Адлер йўналишидаги йўловчи поезд тўқнашиб кетганлиги ҳақида хабар келиб тушди. Камаз ҳайдовчиси касалхонага жойлаштирилди. Ҳодиса жойига туман полицияси ва вилоят раҳбарияти етиб келишди. Юз берган ҳодисанинг бутун тафсилотлари ўрганилмоқда” деб хабар берди.
Россия нашрларида поезднинг бир нечта вагонлари рельсдан чиқиб ағдарилиб кетган видеоси тарқалмоқда.
Россия фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, 9 та вагон изидан чиқиб кетган. Жабрланганлар эвакуация қилинмоқда. Воқеа жойида 324 нафар мутахассис ва 109 та махсус техника ишламоқда. Эвакуация учун 2 та Ми-8 вертолёти тайёр ҳолатда.
Тергов қўмитаси жиноий иш қўзғаганлигини маълум қилди.
Маъумотларга кўра, поездда 803 нафар йўловчи бўлган. Дастлабки маълумотлар бўйича, 16 киши касалхонага жойлаштирилган, 140 нафар йўловчи жароҳат олган. Қурбонлар йўқ.