Юк кемаси боғчага келиб тўхтади


  • 23 Май, 2025
  • 25

Норвегиянинг Трондхейм шаҳри яқинидаги Байнесет ҳудудида яшовчи Йохан Хелберг эрталабки соатларда уйининг боғига бир неча метр масофада келиб тақалган 135 метрлик юк кемасини кўриб ҳайратда қолди. Ҳайратга тушган аёл бу ҳолатни "Ҳақиқатан ҳам фантастик манзара эди", деб таърифлади.

Қизиқарли воқеа Норвегиянинг Трондхейм шаҳри яқинидаги Байнесет ҳудудидаги бир уйнинг боғида рўй берди. Йохан Хелберг қўшниси саросимага тушган ҳолда эшикни қоққанида, боғдаги манзарани кўрди.

Ҳелберг ушбу лаҳзаларни Норвегиянинг TV2 телеканалига шундай таърифлади: "Ўша пайтда эшик очгим келмади, лекин эшик қоқилгандан кейин тирқишдан қарадим. Катта бир кема кўрдим. Унинг юқори қисмини кўриш учун бўйнимни эгишга тўғри келди. Бу ҳақиқатан ҳам ақл бовар қилмас манзара эди."

Қўшниси Йостейн Йоргенсен эса кеманинг тўлиқ тезликда соҳилга яқинлашиши вақтида чиққан товушдан уйғониб, тезда Хелбергнинг уйига югуриб борганини айтди.

Кипр байроғи остида ҳаракатланаётган "NCL Salten" номли юк кемаси воқеа пайтида жануби-ғарбий йўналишда Трондхейм фиорди орқали Оркангер томон ҳаракатланаётгани маълум қилинди. Кемада 16 нафар экипаж аъзоси бўлгани ва ҳеч ким жабрланмагани қайд этилди.

Ҳозирча ҳалокат сабаби маълум эмас, полиция мазкур воқеа юзасидан тергов бошлаган. Йохан Хелберг эса боғида турган кема ҳақида "Каттақомат қўшним бор, аммо тез орада кетади", деди.

Маълумотларга кўра, айни шу кема 2023 йили ҳам соҳилга тақалган, лекин ўша пайтда ўз кучи билан чиқиб кетган эди.


Бошқа мақолалар