Нетаньяху президентдан афв сўради


  • 1 Декабрь, 2025
  • 16

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху мамлакат президенти Ицхак Герцогга расмий афв сўраб мурожаат қилди.

Нетаньяхунинг адвокатлари давлат раҳбаридан Исроил президенти тўғрисидаги асосий қонуннинг моддасига мувофиқ ваколатларини қўллашни сўрамоқда. Бу параграф президентга "ҳуқуқбузарларни афв этиш, уларнинг жазосини камайтириш ва енгиллатиш" ҳуқуқини беради.

Мурожаатда Герцог бу ҳуқуқдан "миллий масъулият ҳисси ва Исроил халқи фаровонлиги ҳақидаги умумий мулоҳазаларга асосланиб" фойдаланишга чақирилган.

"Сизнинг розилигингиз Бош вазирга шу танқидий пайтларда ўз вақти, қобилияти ва кучини тўлиқ давлатни бошқаришга, мамлакатдаги муаммоларни ҳал қилишга ва имкониятларни рўёбга чиқаришга қаратишга имкон беради. Бундан ташқари, бу сўровни қаноатлантириш аҳолининг турли қатламлари ўртасидаги тафовутни тузатишга, эҳтирослар шиддатини пасайтиришга йўл очишга имкон яратади ва буларнинг барчаси — миллий барқарорликни мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилади", дейилади сўровда.

Исроил президенти суд томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этиш ҳуқуқига эга, жуда камдан-кам ҳолларда эса суд жараёни тугашидан олдин ҳам афв қилиши мумкин, аммо фақат бу ҳаракат жамоатчилик манфаатларига мос келсагина.

2019 йилда Нетаньяхуга бир нечта коррупция ишлари бўйича расман айблов эълон қилинган эди. Исроил Бош вазири жумладан, миллиардер ва Голливуд продюсеридан шахсий ва тижорат манфаатларига ёрдам бериш эвазига ўн минглаб долларлик сигара ва шампан шароблари кўринишида совғалар олганликда айбланган. Шунингдек, Нетаньяху ўзининг ва оиласининг фаолиятини ижобий ёритиш эвазига медиамагнатларга ёрдам берганликда гумон қилинмоқда.

Ноябрь ойининг ўрталарида АҚШ президенти Дональд Трамп Герцогга мурожаат қилиб, Бош вазирни афв этишни сўраб, Нетаньяхуни қўллаб-қувватлаган эди. Нетаньяхунинг ўзи эса, агар бу айбини тан олиш дегани бўлса, коррупция иши бўйича афв сўрамаслигини айтган эди.

Исроилда нашр этилувчи "Yedioth Ahronoth" газетаси Нетаньяхунинг Президент Ицхак Герцогдан афв сўраб мурожаат қилиши унинг ваколат муддатидаги энг муҳим қарор бўлиши мумкин бўлган мураккаб ишни келтириб чиқарганини ёзди. Аризада на жавобгарликни тан олиш ва на пушаймонлик ифодаси йўқлиги вазиятни янада қийинлаштираётгани қайд этилган.

Газетага кўра, Герцог жамоатчилик манфаатлари доирасида шартли афв каби имкониятларни кўриб чиқиши мумкин. Бироқ, Нетаньяхунинг ҳеч қандай мажбуриятни тан олмаслиги бу эҳтимолни сусайтиради.

KAN тарқатган бошқа бир хабарда эса, Герцог Нетаньяху ва прокуратура ўртасида ҳуқуқий келишув тузилиши эҳтимолини ҳам кўриб чиқаётгани ёзилган. Бундай келишув Нетаньяхудан баъзи айбловларни тан олишни талаб қилиши, аммо Бош вазир бунга тайёр эмаслиги ифода этилган.

Герцогнинг уйи олдида йиғилган исроилликлар Нетаньяхунинг коррупция ишлари учун афв сўраш талабини норозилик намойиш қилишди. Президент Аппарати эса, Герцог талабни ҳали кўриб чиқишни бошламаганини ва медиадаги иддаолар асоссиз эканлигини эълон қилди.


Бошқа мақолалар