Головкин бокс шараф залига киритилди


  • 5 Декабрь, 2025
  • 34

Қозоғистонлик боксчи Геннадий Головкин, америкалик Антонио Тарвер ва британиялик Найджел Бенн 2026 йилда Халқаро бокс шон-шараф залига киритилади.

Бу ҳақда пайшанба куни, 4 декабр куни International Boxing Hall of Fame (Бокс шон-шараф зали) саҳифасида Х ижтимоий тармоғида расман эълон қилинди.

Халқаро бокс шон-шараф залига киритиш марасими 2026 йил 11 июндан 14 июнгача Нью-Йорк штатидаги Канастотада бўлиб ўтади.

Головкин бу шарафга сазовор бўлган биринчи қозоғистонлик боксчи, шунингдек, собиқ совет ҳудудидан тўртинчи боксчи бўлди. Бундан олдин Костантин Цзю ва Кличко ака-укалар Шон-шараф залига киритилган эди.

GGG ҳаваскорлар ўртасида 350 та жанг ўтказиб, 345 тасида ғалаба қозонган, жаҳон чемпиони ва Олимпия ўйинларининг кумуш медали совриндори бўлишга улгурган. У кўп йиллар давомида Қозоғистон терма жамоаси етакчиларидан бири бўлган.

Профессионал боксда Головкин IBF, WBA ва IBO йўналишлари бўйича ўрта вазнда жаҳон чемпиони бўлган. Унинг активида 45 та жанг бўлиб, уларда 42 та ғалаба қозонган (37 таси нокаут билан). У узоқ вақт давомида P4P (pound-for-pound) жаҳон рейтингида етакчи бўлган.

Унинг кетма-кет тўққиз йил давомида нокаут билан қозонган 23 та ғалабаси дивизион тарихидаги энг узун серия бўлди. Головкин ўрта вазндаги чемпионлик унвонларини 21 марта муваффақиятли ҳимоя қилган, бу рекорд кўрсаткичдир. Унинг муддатидан олдинги ғалабалари фоизи 90 дан ошган бўлиб, бу Гиннесснинг рекордлар китобида қайд этилган.


Бошқа мақолалар