- 2016-04-04
Дунёнинг энг бой одами ўзининг ракета ишлаб чиқарувчи "SpaceX" компанияси қийматининг
тез ўсиши туфайли яна бир муҳим босқичга эришди. Илон Маск тарихда 600 миллиард доллар бойликка эга бўлган биринчи шахс бўлди.
Шу тариқа, Маск дунёдаги биринчи триллионер бўлиш йўлида яна бир улкан қадам ташлади.
Forbes компаниянинг икки инвесторига таяниб ёзишича, шу ой бошида ракета ишлаб чиқарувчи "SpaceX" компанияси ўзини 800 миллиард долларга баҳолаган тендер таклифини эълон қилди. Бу Маскнинг, тахминан 42 фоиз "SpaceX" акцияларига эгалик қиладиган бойлигини 168 миллиард долларга кўпайтириб, тахминан 677 миллиард долларгача етказди.
Акцияларни қайтариб сотиб олиш таклифи "SpaceX"нинг 2026 йилда IPO (бирламчи оммавий жойлаштириш) ўтказиш режалари фонида пайдо бўлди. Компаниянинг инвесторларидан бири Forbes'га берган маълумотга кўра, IPO натижасида компания тахминан 1,5 триллион долларга баҳоланиши мумкин.
Forbes ёзишича, Маскнинг "SpaceX"даги 336 миллиард долларга баҳоланган улуши ҳозирда унинг энг қимматли активидир. Унинг "Tesla"даги 12 фоизлик улуши эса 197 миллиард доллар қийматга эга, бунга 2018 йилдаги "CEO Performance Award" мукофоти доирасида олинган акция опционлари кирмайди.
Аслида, ушбу мукофот 2024 йил январида Делавэр штати судьяси томонидан бекор қилинган. Агар Маск апелляцияни ютқазса, "Tesla" ҳам унга триллионер бўлишнинг муқобил йўлини тақдим этиши мумкин.
Гап шундаки, ноябр ойида "Tesla" акциядорлари рекорд даражадаги мукофот пакетини маъқулладилар, бу пакет "Tesla" кейинги ўн йил ичида бозор капитализациясини саккиз баробардан кўпроқ ошириш каби улкан кўрсаткичларга эришса, Маскга қўшимча акциялар кўринишида (солиқлар ва чекланган акцияларни блокировкадан чиқариш қийматини ҳисобга олмаганда) 1 триллион долларгача фойда келтириши мумкин.
Маскнинг яна "xAI Holdings" компанияси ҳам бор, у 230 миллиард доллар қийматида янги инвестицияларни жалб қилиш бўйича музокаралар олиб бораётгани хабар қилинган.
Америкалик миллиардер ўзининг жанжалли баёнотлари билан ҳам машҳур. Улардан сўнггиси Европа Иттифоқини тузишни талаб қилиши бўлди. Бу унинг ўзига тегишли "X" платформаси Европа Комиссияси қарори билан 120 миллион евро жаримага тортилгани ҳақидаги хабарга акс муносабати эди.