- 2019-06-17
Жазоир парламенти 130 йилдан ортиқ давом этган Франция мустамлакачилигини жиноят
деб ҳисобловчи қонун лойиҳасини очиқ мажлисда илк бор бир овоздан қабул қилди. Ушбу ҳужжат Франциянинг мустамлака давридаги ҳаракатларини расман тан олиш ва узр сўраш механизмларини вужудга келтиришга йўл очади.
Жазоир давлат телевидениесида тарқатилган хабарга кўра, овоз бериш жараёни Парламент раиси Иброҳим Буғалий раислигида омма учун очиқ тарзда ўтказилди.
Овоз беришда қонун лойиҳаси «бир овоздан» қабул қилингани билдирилди. Овоз беришдан сўнг депутатлар Жазоир байроғини силкитиб: «Тинч ухла, эй шаҳид, кураш давом этади!» деган шиорларни янгратдилар.
Шу тариқа, Жазоир парламенти 130 йилдан кўпроқ давом этган Франция мустамлакачилигини жиноят деб эълон қилувчи қонунни илк бор очиқ мажлисда тасдиқлади.
Парламент раиси Буғалий овоз беришдан олдин қилган баёнотида, ушбу қонун Франциянинг мустамлакачилик жиноятларини санаб ўтиш, Франция давлатининг мустамлакачилик ўтмишидан келиб чиқадиган масъулиятини белгилаш, тан олиш ва узр сўрашни талаб қилиш механизмларини пайдо қилиш ҳамда мустамлакачиликни мақташ ёки унинг тарғиботини қилишни жиноят деб ҳисобловчи жазо чораларини ўз ичига олишини таъкидлаган эди.
Матнда Франция мустамлакачилигига тегишли 30 дан ортиқ жиноят санаб ўтилган бўлиб, улар орасида Саҳрои Кабир минтақасидаги ядровий синовлар ва портлашлар оқибатида келиб чиққан экологик ва инсоний талофатлар, тинч аҳолини ўлдириш, халқаро миқёсда тақиқланган қуролларни қўллаш ва миналар ўрнатиш кабилар бор.
Жазоир ва Франция ўртасидаги муносабатлар сўнгги ойларда Парижнинг Ғарбий Саҳро масаласида Марокаш таклифини қабул қилиши билан кескинлашди. Жазоир минтақа аҳолиси учун ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини талаб қилаётган «Полисарио фронти»ни қўллаб-қувватлайди.
Жазоир 1830-йилларга бориб тақаладиган Франция босқинига қарши 1954 йил 1 ноябрда мустақиллик курашини бошлаган эди. Тахминан 1,5 миллион киши ҳалок бўлган шиддатли курашлар натижасида Жазоир 1962 йилда мустақилликка эришди.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва тарихчилар Франциянинг 1830–1962 йиллардаги мустамлака даврида жазоирликларга нисбатан оммавий қирғинлар уюштирилганини ва юз минглаб одамлар сургун қилинганини таъкидлашади.
Жазоир Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш лигаси мустамлака даврида тахминан 10 миллион киши ўлдирилганини қайд этган. Франция эса Африкадаги мустамлакачилик тарихининг энг яқин ва энг қонли мисоли бўлган Жазоирдаги жиноятларини ҳалигача расман тан олмаяпти.
Жазоирда ҳар йили 18 февраль куни Франция мустамлакасига қарши курашда ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган «Миллий шаҳидлар куни» сифатида нишонланади.