Тожикистон ва Афғонистон чегарасида отишма юз берди


  • 26 Декабрь, 2025
  • 21

24 декабрга ўтар кечаси Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасида тожик чегарачилари ва Афғонистондан мамлакатга суқилиб кирган уч нафар террорчи ўртасида қуролли тўқнашув содир бўлди. Бу ҳақда Тожикистоннинг “Ховар” давлат ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) маълумотларига кўра, уч нафар террорчи Тожикистон ҳудудига Хатлон вилояти ҳудудидан кириб келган.

Келиб чиққан отишма натижасида жангариларнинг барчаси йўқ қилинган, шунингдек, Тожикистоннинг икки нафар чегарачиси ҳам ҳалок бўлган. Воқеа жойидан учта Американинг М16 автомати ва битта Калашников автомати, овоз пасайтиргичли тўппончалар, гранаталар, портловчи моддалар ҳамда тунги кўриш мосламаси мусодара қилинган.

“Тожикистон Республикаси Хавфсизлик қўмитаси Чегара қўшинлари “Толибон” ҳукумати раҳбарияти Тожикистон халқидан узр сўрашига ва Тожикистон билан чегарада хавфсизликни таъминлаш бўйича қўшимча самарали чоралар кўришига умид қилади”, — дейилади МХДҚ баёнотида.

Кобулдаги манбалар эса отишмада контрабандачилар иштирок этганини таъкидламоқда. Ҳозирда афғон-тожик чегарасидаги вазият барқарор экани хабар қилинмоқда.

Тожикистон чегара хизмати маълумотларига кўра, Афғонистондан келган жангарилар охирги бир ой ичида учинчи бор чегарада отишма уюштиришидир. Ноябрь ойи охирида мамлакат ҳудуди Афғонистон томонидан икки марта ўққа тутилган эди. Ўшанда Хитойнинг беш нафар ватандоши ҳалок бўлган, яна беш нафари яраланган эди.


Бошқа мақолалар