Атамбоев “Қирғизистон Қаҳрамони” унвонидан маҳрум қилинди


  • 29 Декабрь, 2025
  • 16

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров собиқ президент Алмазбек Атамбоевни қатор давлат мукофотларидан маҳрум қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ушбу қарор Бишкек шаҳри Биринчи май туман судининг 2025 йил 3 июндаги ҳукми ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинди. Атамбоев олий даражадаги фарқловчи белги — “Қирғизистон Республикаси Қаҳрамони” (Кыргыз Республикасынын Баатыры) унвони, II даражали “Манас” ордени, “Данакер” ордени ва “Данк” медалидан маҳрум этилди.

Фармон билан аввалроқ чиқарилган мукофотлаш тўғрисидаги ҳужжатлар ҳам бекор қилинди:

1999 йил 22 апрелдаги 106-сонли (“Данк” медали);

2007 йил 27 ноябрдаги 518-сонли (“Данакер” ордени);

2011 йил 30 ноябрдаги 311-сонли фармоннинг учинчи хатбошиси;

2017 йил 27 ноябрдаги 1-сонли (“Қирғизистон Республикаси Қаҳрамони” унвонини бериш тўғрисидаги) фармон.

Бош прокуратура ҳузуридаги Суд ижрочилари хизматига мукофотларни ва тегишли ҳужжатларни давлат мукофотлари фондига топшириш учун қайтариб олиш вазифаси юкланди. Фармон имзоланган кунидан, яъни 29 декабрдан кучга кирди.

Алмазбек Атамбоев иши

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев мол-мулкини мусодара қилиш ва давлат мукофотларидан маҳрум этиш билан бирга 11 йил-у 3 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Атамбоев Иссиқлик электр марказини (ИЭМ) модернизация қилишдаги ноқонуний бойиб кетиш, 2019 йил 7-8 август кунлари Қой-Тош қишлоғида юз берган тартибсизликлар, шунингдек, Қой-Тошдаги ер участкаларини ноқонуний тарзда қўлга киритишда айбланган.

Мазкур иш бўйича бошқа шахслар ҳам турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди: Жогорку Кенешнинг собиқ депутатлари, президент аппаратининг собиқ раҳбари Фарид Ниёзов, Бишкекнинг собиқ мэри Албек Ибраимов, собиқ Ички ишлар вазири Абдилда Суранчиев ва бошқалар. Суд жараёни беш йилдан ортиқ давом этди.


Бошқа мақолалар