Хитойда киберфирибгар гуруҳ аъзолари қатл этилди


  • 30 Январь, 2026
  • 37

Хитойда Мьянма шимолида фаолият юритган жиноий гуруҳларнинг 11 нафар аъзоси, жумладан, телекоммуникация соҳасидаги фирибгарлик схемаларининг асосий шахслари қатл қилинди.

Бу Хитойда бу каби иш бўйича ижро этилган илк ўлим жазосидир. Ҳукм 2025 йил сентябрь ойида Хитой шарқидаги Чжэцзян провинциясининг Вэньчжоу шаҳри суди томонидан чиқарилган эди. “BBC” аниқлик киритишича, “Мин” синдикати аъзолари 2023 йил ноябрь ойида Мьянмада, Хитой чегараси яқинида қўлга олинган.

Улар қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга шикаст етказиш, одамларни ноқонуний ушлаб туриш, фирибгарлик ва қиморхоналар ташкил этишда айбдор деб топилди. Суд қарорига кўра, Мин клани аъзоларининг фаолияти 14 нафар Хитой фуқаросининг ўлимига сабаб бўлган.

Маҳкумлар ҳукм устидан шикоят қилишди, бироқ 2025 йил ноябрь ойида Чжэцзян провинцияси Олий халқ суди қуйи суд қарорини ўз кучида қолдирди ва ишни қонунга мувофиқ қайта кўриб чиқиш учун Олий халқ судига (ОХС) юборди.

Ишни қайта кўриб чиққандан сўнг, олий суд 2015 йилдан бери ушбу жиноятчилар телекоммуникация соҳасида фирибгарлик қилиш, ноқонуний қимор ўйинларини ташкил этиш ва бошқа жиноятларни содир этиш учун Мьянмада кўплаб тезкор базалар бор қилганини тасдиқлади.

Хитой Олий халқ суди маълумотларига кўра, фирибгарлик ва қимор ўйинларига жалб қилинган маблағлар миқдори 10 миллиард юандан (тахминан 1,4 миллиард АҚШ доллари) ошиб кетган. Жиноий гуруҳлар, шунингдек, фирибгарликка алоқадор шахсларни ўлдирган, калтаклаган ва ноқонуний ҳибсда ушлаб турган.

Жазо чоралари Олий халқ судининг розилиги олингандан сўнг Вэньчжоу шаҳар суди томонидан ижро этилди.

Бу Мьянмадаги “скам-марказлар” (фирибгарлик марказлари) фаолияти билан боғлиқ иш бўйича Хитойдаги биринчи қатлдир. Ноябрь ойида “Бай” синдикатининг беш нафар аъзоси ўлим жазосига ҳукм қилинган эди, яна иккита гуруҳ — “Вэй” ва “Лю” устидан суд жараёнлари ҳали давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Мьянма шимолида “скам-марказлар” деб аталувчи масканлар жойлашган. Қурбонларни у ерга ишга жойлаштириш ҳақидаги ёлғон ваъдалар билан жалб қилишади, сўнгра асирга айлантиришади: ҳужжатларидан маҳрум қилиб, ташқи дунёдан узиб қўйишади ва бутун дунё бўйлаб одамларни алдашга мажбурлашади. Бўйсунмаслик калтаклаш ва қийноқлар билан жазоланади.


Бошқа мақолалар