Викинглар мусулмон бўлишган(ми)?


  • 7 Октябрь, 2017
  • 993

Швецияда 9-асрдан қолган Викинг мозорлари устида “Аллоҳ” ва “Али” деб ёзилган кийимлар ва газлама парчалари топилди. Уппсал университети қадимги давр тарихи ва археология бўлими тадқиқотчиларидан Анника Ларссон берган интервьюсида Бирка шаҳридаги викинг мозорларидаги тадқиқотлар вақтида устида “Аллоҳ” ва “Али” ёзуви бор кийим ва матолар топилганини маълум қилди.

Ларссон “Жуда қизиқ кашфиёт бўлди. Викинглар ислом динидан ва ўлимдан кейин жаннатда абадий яшаш ақидасига ишонган бўлишлари мумкин” деди.

Ибораларнинг араб ҳарфларининг текис, бурчакли ва геометрик сифатида ишлатилган Куфий ёзув тури билан ёзилганига ишорат қилган Ларссон “Викинглар ўлганларни кийимлари ва зийнат ашёлари билан бирга кўмишарди. Мозорларда устига кумуш толалар билан “Аллоҳ” ва “Али” деб ёзилган ипак кийимлар ҳамда матолар топдик. Бу кашфларимиз барчамизни ҳаяжонлантириб юборди. Бу ифодалар ёзилган кийимлар ўликнинг бош тарафига қўйилган. Бу ёзувларни баъзи ёстиқларда ҳам учратдик” деди. Викинглар билан ислом олами орасидаги маданият алмашинувига эътибор қаратган Ларссон “Россиянинг Волга дарёси бўйлаб Скандинавия билан Ўрта Осиё орасида маданият алмашинуви бор эди. Мозорлардан чиққан бу матолар ё тижорат йўли билан сотиб олинган ёки талон-тарож йўли билан қўлга киритилган. Бу ерда энг қизиғи маданият алмашинувининг кўзга ташланишидир. Баъзи манбаларга кўра, мусулмон араблар тижорат ёки бошқа мақсадларда ғарбга сафарлар қилишган” деб гапирди.

Викингларнинг ўлимдан кейинги ҳаётга ишонишини кўрсатадиган кўплаб маълумотларни қўлга киритганини билдирган Ларссон “Викинг тангриси Оден Ўрта Осиёдан кўчиб келиб, Швециянинг Малардален вилоятига жойлашган бир жангчи эканлиги айтилади. Викинглар ўлимдан кейинги ҳаётга ва жаннатда абадий яшаш ақидасига ишонишарди. Бу ақидалари тўғридан-тўғри ислом динидан келмоқда” деди.

Ларссон мозорлардан топилган кийим ва матолар ўтган ҳафтадан бошлаб, Йёнчёпинг музейида кўргазмага қўйилганлигини ва 2018 йил 3 февралгача давом этишини билдирди.

Икки йил аввал Бьёркё оролида олиб борилган қазилма ишларида 9-асрдан қолган викинг мозорида устига “Аллоҳ” деб ёзилган узук топилган эди.


Бошқа мақолалар