- 2020-05-15
Хитойнинг энг бой икккинчи кишиси бўлган Джек Манинг ҳикояси ҳар томонлама илҳом берувчи. Рад этилишдан, қийинчиликлардан қўрқмайди. Джек Ма Давосда ўтказилган бутунжаҳон иқтисодий форумидаги энг кўзга кўринган шахс эди.
Давосда ўтган ҳафта бошланган иқтисодий форумга бутун дунёдан 3 минг сиёсатчи, бизнесмен, фан арбоблари ва оддий аҳоли қатнашди. Хитой раҳбари Си Цзиньпин очилиш нутқини сўзлаган форумнинг энг кутилган маъруза қилувчиси хитойлик бизнесмен Джек Ма эди. Дунёнинг энг муваффақиятли интернет савдо сайтларидан бири бўлган “Ali Baba”нинг асосчиси бизнес оламида машҳурликка эришган Джек Ма ҳақида сўз бормоқда.
Сайт орқали 200 дан ортиқ ўлкадан 3,5 миллион ширкат фаолият кўрсатмоқда. Экспортчиларнинг бошқа ўлкалардаги харидорлар билан алоқага чиқишини таъминлайдиган сайт 1999 йил ишга тушди. Икки йил аввал Нью-Йорк биржасида 24,7 миллиард долларлик дастлабки акцияларини сотиши билан шу вақтгача бўлган энг катта акция сотилиши амалга оширди. Джек Ма бу ширкатнинг асосчиси ҳамда интернет тижорат оламида дунёнинг энг муваффақиятли одами деб қабул этилган. У 22 миллиард долларлик бойлиги билан ўз ўлкасининг энг бой иккинчи ва дунёнинг 33-одами ҳисобланади.
Джек Манинг муваффақияти тагидаги фалсафа қуйидагича: Рад этилишдан қўрқмаслик, ўзи ҳақидаги бошқаларнинг фикрига эътибор бермаслик, яхши инсоний алоқалар ўрнатиш ва ҳаётга эҳтирос билан ёпишиш...
Джек Ма 1964 йили Хитойнинг Чжэцзян провинциясидаги Ханчжоуда туғилган. Университетга фақат тўртинчи имтиҳон топширишида кира олди. Университетни битиргач, мурожаат қилган 30 та иш жойида ижобий жавоб ола олмади. 10 марта Гарвардга мурожаат қилган ва рад этилган Ма, илк компьютерига 33 ёшида эга бўлган. Интернет ҳақида 30 ёшида биринчи марта эшитган.
1995 йили аёли билан бирга Америкага бориб, у ерда интернет билан танишган. Интернетдаги қидирув сайтига турли калималар ёзган, лекин ўлкаси Хитой ҳақида тўғри маълумот ололмаган Ма, бу борада кўп ишлар амалга ошириш мумкинлигини тушунди.
Сўнгра Ма Америкада яшайдиган дўстларига Хитойдаги ширкатлар учун интернет сайтлари тайёрлата бошлади. Уч йил ичида бу ширкат 800 минг доллар даромад қилди. Бунинг ортидан Хитой ташқи тижорат вазирлиги таркибидаги Хитой халқаро интернет тижорат маркази бошқарувчиси вазифаси юклатилди. Сўнгра жамоаси билан “Ali Baba”ни қурди.
Турмуш ўртоғига университетда ўқиётганида уйланган, ҳозирда уларнинг бир ўғил ва бир қиз фарзандлари бор. Джек Ма ҳаётга қарашини қуйидаги сўзлар билан ифодалайди: “Бугун қийин. Эртага бундан ҳам қийин ва бўронли бўлишига аминман. Лекин ундан кейин қуёшнинг чиқиши қатъий...”