- 2016-02-01
Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Ермек Кошербаев эронлик ҳамкасби Аббос Ароқчи билан
телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда пайшанба, 26 март куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазирлик маълумотларига кўра, томонлар Ўрта Шарқдаги ҳозирги вазиятни муҳокама қилдилар, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
“Суҳбат давомида Е. Кошербаев эронлик ҳамкасбига Эрон атрофидаги вазият билан боғлиқ хавотирларини билдирди ва Қозоғистон томони Туркистон шаҳрида тинчлик музокараларини ўтказиш учун майдон тақдим этишга тайёрлигини тасдиқлади. Бу ҳақда аввалроқ Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев маълум қилган эди”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, томонлар икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.
Эслатиб ўтамиз, 21 март куни Тоқаев ишчи ташриф билан Туркистон вилоятида бўлган эди. Минтақа жамоатчилиги олдида сўзга чиққан давлат раҳбари Қозоғистон Ўрта Шарқда юзага келган мураккаб вазиятда воситачилик ролига интилмаслигини, бироқ тинчлик музокаралари учун ўз майдонини тақдим этишга тайёрлигини таъкидлади. Унинг фикрича, бундай мулоқотни Туркистонда ташкил этиш мумкин.
22 март куни Оқўрда матбуот хизмати Қозоғистон ва Эрон президентлари ўзаро табрик мактублари алмашганлари ҳақида хабар берди. Давлатимиз раҳбари номига Эрон Президенти Масуд Пезешкиандан Рўза ҳайити ва Наврўз байрамлари муносабати билан телеграммалар келди. Жавоб мактубида Тоқаев қардош халқлар бирлиги мустаҳкамланишини ва Ўрта Шарқда барқарорлик ўрнатилишини тилади.