- 2016-01-04
NASA томонидан 1972 йилдан бери Ой атрофига амалга оширилган илк бошқарилувчи парвоз
– «Artemis II» миссияси иштирокчиси бўлган 4 нафар астронавт Ердан тахминан 406 минг 765 километр узоқлашиб, инсоният тарихида шу пайтгача эришилган энг узоқ масофа рекордини янгилади.
NASA’нинг 1972 йилдан буён Ой атрофига уюштирган илк бошқарилувчи саёҳатида тарихга кирадиган муваффақиятга имзо чекилди. NASA томонидан берилган баёнотга кўра, «Artemis II» миссиясидаги 4 нафар астронавт Ердан тахминан 406 минг 765 километр масофага узоқлашиб, инсоният тарихидаги энг юқори нуқтага чиқдилар. Шу тариқа, 1970 йилдаги «Apollo 13» миссиясида ўрнатилган аввалги рекорд яна 6 минг 602 километрлик қўшимча масофа билан янгиланди.
NASA раҳбари Жаред Айзекман (Jared Isaacman) «Artemis II» миссияси доирасида ушбу тарихий зафарни қўлга киритган астронавтларни табриклаб: "Бу миссия одамлар Американинг деярли имконсиз бўлган нарсани уддалашига ва дунёни ўзгартиришига қайта ишона бошлаган лаҳза сифатида ёдда қолади", дея таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, «Artemis II» миссияси 1 апрель куни расман бошланган эди. Ичида 4 нафар астронавт бўлган «Orion» космик кемасини ташувчи Космик учириш тизими (SLS) ракетаси маҳаллий вақт билан соат 18:35 да АҚШнинг Флорида штатидаги Кеннеди коинот марказидан учирилганди. Ракета босқичларининг ажралиши режалаштирилгандек якунлангани ва «Orion» космик кемаси орбитага жойлашгани билдирилган эди.
10 кун давом этадиган ушбу тарихий парвозда иштирок этаётган NASA астронавти Рид Уайзман, Виктор Гловер, Кристина Кох ва Канада коинот агентлиги (CSA) астронавти Жереми Хансен Ой юзасига қўнмайдилар, бироқ Ер орбитасини тарк этиб, Ойнинг илгари кўрилмаган қисмларига борадилар.