Италия Эрон терма жамоаси ўрнини эгаллашдан бош тортди


  • 24 Апрель, 2026
  • 15

Италия расмийлари 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Эрон терма жамоасини алмаштириш ҳақидаги таклифни қатъиян рад этдилар.

Италия саралаш босқичининг плей-офф финалида Босния ва Герцеговинага пенальтилар сериясида ютқазиб, қаторасига учинчи марта Жаҳон чемпионатига чиқа олмади.

Шунга қарамай, Италиянинг спорт ва давлат идоралари вакиллари АҚШ вакилининг 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Эрон ўрнини эгаллаш ҳақидаги таклифини кескин рад этдилар.

“Бу ўринсиз. Саралаш ўйинлари майдонда бўлиши керак”, деди спорт вазири Андреа Абоди.

“Мен бундан хафа бўлардим. Жаҳон чемпионатига боришни меҳнат билан қўлга киритиш керак”, деди Италия Миллий олимпия қўмитаси президенти Лучано Буонфильо, иқтисодиёт вазири Жанкарло Жоржетти эса: “Бундан уялган бўлардим”, деб қўшимча қилди.

Бу шарҳлар АҚШнинг махсус вакили Паоло Замполли Италия саралашдан ўта олмаган бўлса-да, ФИФАдан шу ёзда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида Эронни Италия билан алмаштиришни сўраганидан кейин янгради.

28 февраль куни бошланган уруш туфайли Эроннинг футбол бўйича Жаҳон чемпионатидаги иштироки сўроқ остида қолган эди.

“Умид қиламизки, ўша вақтгача вазият тинчиб қолади. Бу, шубҳасиз, ёрдам беради. Лекин Эрон ўз халқини тамсил этишни истаса, келиши керак. Улар саралашдан ўтишди ва аслида бу анча яхши жамоа. Улар ўйнашни жуда хоҳлашади ва ўйнашлари керак. Спорт сиёсатдан ташқарида бўлиши лозим”, деди ФИФА президенти Жанни Инфантино ўтган ҳафтада.


Бошқа мақолалар