- 2025-09-11
Бугун, 15 май куни Туркистонда Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо мамлакатлар раҳбарларининг
норасмий саммити бўлиб ўтади. Саммит мавзуси – “Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш”.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этиш учун Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрига етиб келди.
Эрдўғонни “Ҳазрат Султон” халқаро аэропортида Қозоғистон давлат маслаҳатчиси Ерлан Карин, Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кушеров, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг вакили Жанибек Жарасканович, шунингдек, Қозоғистоннинг Анқарадаги элчиси Еркебулан Сапиев ва бошқа расмий шахслар кутиб олдилар.
Туркия президенти билан бирга Туркистонга унинг рафиқаси Эмине Эрдоган ва ҳамроҳлик қилувчи делегация ҳам етиб келди.
Бундан ташқари, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Туркистон шаҳрига етиб келди. Саммитда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Шимолий Кипр Турк Республикаси президенти Туфан Эрҳюрманнинг иштирок этиши кутилмоқда.
Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёев Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги биродарлик муносабатлари ҳамда маънавий ҳамкорлик рамзига айланган Туркистондаги янги масжидни кўздан кечирдилар.

Давлат раҳбарлари иштирокида марказий намозхонада Қуръон оятлари тиловат қилинди.
Масжид Ўзбекистон раҳбарининг Туркистон аҳлига ва барча қозоғистонликларга совғаси сифатида барпо этилган. Масжид меъморчилиги ўзида ислом меъморчилиги анъаналари ва замонавий қурилиш технологияларини уйғунлаштирган. Бино фасади ва ички қисми миллий нақшлар ҳамда мусулмон каллиграфияси элементлари билан безатилган.
Минораларнинг баландлиги 61 метрни ташкил этади.
Масжид замонавий муҳандислик инфратузилмаси билан таъминланган. Атрофдаги ҳудуд кўкаламзорлаштирилган, ёритиш тизимлари ўрнатилган, дам олиш жойлари ва фавворалар барпо этилган.
