АҚШ миллий разведкаси раҳбари истеъфога чиқди


  • 23 Май, 2026
  • 9

АҚШ миллий разведкаси директори Тулси Габбард америкаликлар етакчиси Дональд Трампга истеъфога чиқишини маълум қилди. Ушбу қарор унинг турмуш ўртоғи Абраҳам Уильямсга саратон (рак) ташхиси қўйилгани билан боғлиқ.

У президентга йўллаган мактубини жума куни, 22 майда X ижтимоий тармоғида эълон қилди.

Унинг сўзларига кўра, шифокорлар Уильямсда суяк саратонининг кам учрайдиган турини аниқлаганлар.

“Яқин ҳафталар ва ойларда уни жиддий синовлар кутмоқда. Айни дамда ушбу курашда унинг ёнида бўлиш ва тўлиқ қўллаб-қувватлаш учун давлат хизматини тарк этишим лозим”, деб ёзди Габбард ўз мактубида ва лавозимда 2026 йилнинг 30 июнига қадар фаолият юритишини кўрсатиб ўтди.

У Трампга кўрсатган ишончи ва сўнгги бир ярим йил давомида миллий разведка директори бошқармасини бошқариш имкониятини бергани учун миннатдорчилик билдирди.

“Гарчи биз бошқарувда сезиларли ютуқларга эришиб, шаффофликни мисли кўрилмаган даражага кўтарган ва разведка ҳамжамиятига бўлган ишончни қайта тиклаган бўлсак-да, олдинда ҳали муҳим ишлар турганини тушунаман. Яқин ҳафталарда бор эътиборимни ўтиш жараёнининг силлиқ ва ҳар томонлама таъминланишига қаратаман, токи Сиз ва Сизнинг жамоангиз раҳбариятда узилишлар ёки иш суръатининг йўқолишига дуч келманг”, деб қўшимча қилди Габбард.

У ушбу лавозимга тайинланган пайтдан бошлаб, вақти-вақти билан унинг лавозимидан айрилиши мумкинлиги ҳақида тахминлар пайдо бўлиб турган эди, деб эслатди NBC News. Унинг президентнинг Эрон билан уруш бошлаш қарорини унчалик аниқ бўлмаган тарзда қўллаб-қувватлагани Трамп уни маъмуриятда олиб қоладими ёки унинг ўзи норозилик белгиси сифатида истеъфога чиқадими деган янги саволларни вужудга келтирган эди, деб қайд этди телеканал.

Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида Габбарднинг ўринбосари Аарон Лукас миллий разведка директори вазифасини бажарувчи бўлишини эълон қилди.

Америкаликлар етакчиси Габбард ақл бовар қилмайдиган даражада ажойиб ишни амалга оширганини ва маъмурият уни соғиниб қолишини таъкидлади.

Аввалроқ АҚШ Миллий террорчиликка қарши кураш маркази раҳбари Жо Кент ҳам Трамп маъмуриятининг Эронга нисбатан юритаётган сиёсатига норозилик билдириб, ўз хоҳиши билан истеъфога чиққан эди.


Бошқа мақолалар