Ҳайдовчисиз автобус уриб юборилди


  • 26 Май, 2026
  • 13

Туркиянинг “Karsan” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган автопилотли автобус Швециянинг Гётеборг шаҳрида йўловчиларни таший бошлаганидан атиги бир соат ўтгач, орқасидан трамвай келиб урилиши оқибатида шикастланди.

Нашр ўз материалида “Reuters” агентлигининг маълумотларини келтирмоқда.

“Автобус тезликни тушириб, тўхтаган ва уни трамвай уриб юборган”, деди жамоат транспорти масалалари бўйича минтақавий органга тегишли бўлган “Vasttrafik” компанияси вакили Патрик Чи.

Чининг сўзларига кўра, ҳеч қандай жароҳатланишларга олиб келмаган ушбу тўқнашув, айнан Гётеборг шаҳри “Karsan” компаниясининг “e-ATAK” автобусидан фойдаланган ҳолда автоном жамоат транспортининг бир йиллик синовларини бошлаган бир вақтда, автоном транспорт воситаларининг шаҳар ҳаракатига интеграциялашуви борасида саволларни вужудга келтирмоқда.

Чи тўқнашув ҳолатлари ҳали текширилиши кераклигини қайд этиб, “автобусда зарурат туғилган пайтда бошқарувни ўз қўлига олишга тайёр бўлган дублёр-ҳайдовчи бор эди”, деб қўшимча қилди.

“SVT” жамоатчилик телерадиокомпанияси сайтидаги видеода автобуснинг шикастлангани ва унинг орқа томонидаги банерда: “Масофа сақланг! Автобус кескин тўхтаб қолиши мумкин”, деган ёзув борлиги кўрсатилган.


Бошқа мақолалар