Қирғизистонда Қамчибек Ташиевга ҳукм ўқилди


  • 3 Июль, 2026
  • 7

Бишкекда пайшанба куни, 2 июлда, Биринчи май туман суди судьяси МХҚД (Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси) собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев, шунингдек, бир қатор депутатлар ва сиёсатчилар алоқадор бўлган шов-шувли “75 нинг хати” иши бўйича ҳукм чиқарди.

Судланувчилар курсисидан Ташиевдан ташқари депутат Қурманқул Зулушев, Жўқорғу Кенеш раиси Нурланбек Турғунбек уғли ҳамда ҳибсга олинган беш нафар сиёсатчи: Бекболот Талгарбеков, Эмилбек Узакбаев, Аали Қарашев, Қурманбек Дийканбаев ва Қурсан Асанов жой олдилар.

Суд барча судланувчиларни “Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш” моддаси бўйича оқлади.

“Ҳокимиятни зўравонлик билан тортиб олиш” моддаси бўйича Ташиев ва ишнинг бошқа иштирокчилари айбдор деб топилдилар ҳамда мол-мулки мусодара қилинган ҳолда тўрт йилга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилиндилар. Шу билан бирга, суд ҳақиқий жазо муддатини уч йил муддатли пробация (шартли жазо) билан алмаштирди, шу сабабли судланувчилар колонияга юборилмайдиган бўлдилар.

Беш нафар судланувчи: Қарашев, Талгарбеков, Дийканбаев, Асанов ва Узакбаев суд залидан ҳибсдан озод қилинди.

Аввалроқ давлат айбловчиси ишнинг барча иштирокчилари учун тўққиз йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўраган эди.

Бу иш “75 нинг хати” деб номланган - бир гуруҳ сиёсатчилар ва жамоат арбобларининг муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш даъвати акс этган мурожаати билан боғлиқдир. Ушбу воқеадан кейин мамлакатда кадрлар алмашинуви бошланган эди, Ташиевнинг ўзи эса вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари ва МХҚД раиси лавозимидан озод этилган эди.

Тергов уларни ҳокимиятни зўравонлик билан тортиб олишга тайёргарлик кўришда, хусусан, Ташиевни хизмат мавқеини суиистеъмол қилишда айблаган эди.


Бошқа мақолалар