Ўзбекистонда ҳибсдаги турк бизнесменлари озод этилмоқда


  • 11 Декабрь, 2012
  • 1527

Ўзбекистонда турли айблар билан ҳибсга олинган ва махсус ҳибсхоналарда сақланаётган 10 нафардан зиёд Туркия граждани учун қутулиш умиди пайдо бўлди. Ўзбек Сенати хорижликларни ҳам ўз ичига олган авф эълон қилди. Авф қарори 5 декабрь куни чиқарилди. Қонуннинг уч ой ичида кучга кириши кутилмоқда.

Ўзбекистон-Туркия орасидаги сиёсий ва иқтисодий алоқалар сўнгги йилларда таранглашгани боис Ўзбекистондаги турк инвесторлари учун қийин даврлар бошланди. Бир қанча ширкатлар фаолиятини тўхтатиб, бизнесменлар ҳибсга олинди. Баъзилари катта миқдорда пул бериб қутулди, баъзилари эса Ўзбекистон қамоқхоналарига ташланди. Ўзбекистон Конституциясининг 20 йиллиги муносабати билан чиқарилган авф қонуни ўнлаган хорижликлар учун ҳам озод бўлиш умидини уйғотди.

Олинган маълумотларга қараганда авф қонуни аёллар, 18 ёшдан кичик ва 60 ёшдан ошган ўзбек фуқаролари билан бир қаторда хорижлик маҳбусларни ҳам ўз ичига олади. Авф қонунига кўра, қамоқ муддати 10 йилдан кам бўлган хорижликларга бу қонунни қўллаш мумкин. 

6 йилдан бери ҳибсда

Ҳозирда 47 ёшда бўлган Денизлилик Халил Налчажи 6 йилдан бери Ўзбекистонда ҳибсда бўлган бизнесменлардан бири. Оиласининг иддаосига кўра, Налчажи бу ўлкада хориж валютаси (доллар)да иш олиб боргани учун ҳибсга олинган. 1997 йили ун маҳсулотлари билан савдо қиладиган ширкат ишчиси сифатида келган Налчажи вақт ўтиб, ўз ишини йўлга қўйди.

Сосиска плёнкаси ва амалиёт ипи ишлаб чиқарадиган ширкат маҳсулотларини Туркия орқали Европага экспорт қила бошлади. Налчажи ва ҳамкасблари 2006 йили Тошкент милицияси ташкил этган операцияда қўлга олинди. Бизнесмен ва ҳамкасбларига “Мамлакатда хориж валютасида савдо қилгани сабабли” 15 йилдан қамоқ жазоси белгиланди.

Ўнлаган киши ҳибсда

Ўзбекистонда ҳибсда бўлган ишбилармонлардан баъзилари ва ҳибс муддатлари қуйидагича: Халил Налчажи ва Одил Қоя (6 йилдан бери ҳибсда), “Demir Market”нинг бошқарувчиларидан Мамдуҳ, Аднон ва Закариё (3 йилдан бери ҳибсда), мева суви ишлаб чиқарадиган Шаҳин Четинқоя (5 йилдан бери ҳибсда), кўтарма озиқ-овқат тижоратчиси Заки Сундус (6 йилдан бери ҳибсда), маиший асбобларни сотадиган Аҳмад Темурчи ва шериги Ниёзий (1 йилдан бери ҳибсда), “BF Текстил” бошқарувчиси Аҳмад, TIR ҳайдовчилари Меҳмет Гунаш ва Ражаб Бағдодли, фамилияси номаълум Жалол билан “Pınar Trans”нинг соҳиби Али Қаҳва...

Жараён уч ой ичида амалга оширилади

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Меҳмет Сертож Сўнмазой ушбу мавзу бўйича берган интервьюсида Ўзбекистонда ҳибсда бўлган туркияликларнинг 13 нафар эканлигини айтди. Ўзбек Сенатининг чиқарган авф қонуни уч ой ичида кучга киришини билдирган Сўнмазой жарима жазоси бўлган кишиларнинг жаримани тўласа, қўйиб юборилишини айтди. Сўнмазой олдимиздаги ҳафтада Туркия Ташқи ишлари вазирлигидан бир гуруҳ ҳайъат келишини, бу мавзу бўйича музокалар олиб борилиши ҳақида маълумот берди.

“Ўлим қўрқуви билан яшадик”

10 ойга яқин муддат укаси билан бирга Ўзбекистонда ҳибсда қолган Воҳид Гунаш “У ерда ўтган ҳар бир кун ўлим қўрқуви билан яшадик. Ҳозирда ҳибсда бўлган бу биродарларимизнинг оқибати қандай бўлишини ҳеч ким билмайди”- деди. 


Бошқа мақолалар