Энг иссиқ ой қайд этилди


  • 10 Сентябрь, 2026
  • 9

Дунё миқёсида ўртача юза ҳарорати 16,96 даражага етган 2026 йил август ойи тарихдаги энг иссиқ ой сифатида қайд этилди.

Европа Иттифоқининг (ЕИ) Коперник иқлим ўзгариши хизмати (C3S) 2026 йил август ойига оид глобал ҳарорат маълумотларини эълон қилди.

Маълумотларга кўра, август ойида глобал ўртача юза ҳаво ҳарорати 16,96 даражани ташкил этди. Бу кўрсаткич 1991–2020 йиллардаги август ойи ўртача қийматидан 0,85 даража юқори бўлди. 2026 йил август ойида ўлчанган ҳарорат 16,95 даража қайд этилган 2023 йил июль ойидан ҳам ошиб, тарихдаги энг иссиқ ойга айланди.

Ўтган ойда глобал ҳарорат 1850–1900 йилларни қамраб олувчи саноат давридан олingi давр ўртача кўрсаткичидан ҳам 1,65 даража юқори бўлди. Шу тариқа, август ойида 2025 йил ноябридан буён илк бор ойлик ҳароратнинг ошиши 1,5 даражалик чегарадан ўтди.

Июнь-август ойларини ўз ичига олган ёз мавсуми ҳам глобал миқёсда 1991–2020 йиллар ўртача кўрсаткичидан 0,69 даража юқори келиб, 2024 йил билан биргаликда тарихдаги энг иссиқ ёз бўлди.

Европа бўйлаб август ойининг ўртача ҳарорати 20,26 даражани ташкил этди. Бу кўрсаткич 1991–2020 йиллар ўртачасидан 1,10 даража юқори бўлишига қарамай, 2026 йил август ойи қитъа миқёсида қайд этилган тўртинчи энг иссиқ август бўлди.

Европада ёз мавсумининг ўртача ҳарорати меъёрдан 1,17 даража юқори ўлчанди. Шу тариқа, 2026 йилги ёз 2024 ва 2022 йиллардан кейин қитъа тарихидаги учинчи энг иссиқ ёз сифатида белгиланди.

Ғарбий Европа 2003 йилги рекордини ортда қолдириб, тарихдаги энг иссиқ ёз мавсумини бошидан кечирди.

Қутб минтақаларидан ташқари океанларнинг ўртача денгиз юзаси ҳарорати ҳам август ойида 21,07 даражага кўтарилиб, ушбу ой учун кузатилган энг юқори даражага етди.

Тинч океанида жадал кучайиб бораётган “Эл-Ниньо” шароитлари юқори ҳароратларнинг юзага келишида муҳим рол ўйнади.

Европа ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари марказининг (ECMWF) иқлим стратегияси раҳбари Саманта Бёрджесс мавзу бўйича қилган баёнотида қуйидагиларни қайд этди: “2026 йил августи глобал иқлим тарихида мислсиз ой бўлди. У ҳам шу вақтгача қайд этилган энг иссиқ август ойи, ҳам энг иссиқ ой сифатида тарихга кирди. Глобал ҳарорат Саноат инқилобидан олдинги даражадан 1,65 даражага ошиб кетди.”

Рекорд даражадаги глобал денгиз юзаси ҳароратлари ва Ғарбий Европада қайд этилган энг иссиқ ёз мавсуми биргаликда кўриб чиқилганда, бу кузатувлар иқлим ўзгариши ҳам атмосферада, ҳам океанларда ғайритабиий об-ҳаво ҳодисаларини қандай келтириб чиқараётганини кўрсатишини таъкидлаган Бёрджесс, “Бу шароитларнинг таъсири бутун дунё бўйлаб жамоатлар, иқтисодиётлар ва экотизимлар томонидан тобора кўпроқ ҳис қилинмоқда”, деди.


Бошқа мақолалар