- 2019-10-02
24 сентябрь куни Манғистау вилоятида ҳарбий-денгиз машғулотлари вақтида ҳарбий хизматчилар
Каспий денгизида ҳалокатга учради. Улар денгиз соҳилида ўқув-жанговар вазифаларни бажараётган пайтда об-ҳаво кескин ёмонлашиб, шамол кучайган.
Дастлаб денгизга 19 нафар ҳарбий хизматчи оқиб кетгани хабар қилинган эди. Кейинроқ Манғистау вилояти ҳокимлиги маълумотларни аниқлаштирди — 17 киши. Улардан уч нафарини қутқариб қолишга муваффақ бўлинди. Қутқарилганлардан бири шифохонада.
Манғистау вилоятида кеча машғулотлар вақтида Каспий денгизига оқиб кетган яна икки нафар ҳарбий хизматчининг жасадлари топилди. Шу тариқа, ҳалок бўлганлар сони 14 нафарни ташкил этмоқда.
Бугун Мудофаа вазирлиги Каспий денгези акваториясида қидирув-қутқарув операцияси якунлангани ҳақида хабар берди.
“Бугун, 25 сентябрь куни соат 09:15 атрофида узлуксиз қидирув-қутқарув ишлари давомида илгари бедарак йўқолган икки нафар ҳарбий хизматчининг — сержант Мансур Гумаров ва матрос Мирас Турдибекулининг жасадлари топилди”, дейилади тарқатилган хабарда.
Аввалроқ Бош прокуратура ҳарбий хизматчиларнинг ўлими юзасидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари ҳақида сўзлаб берган эди. Хусусан, идора гумон қилинувчилар аниқланганини маълум қилди.
Фожиани тергов қилиш учун ҳукумат комиссияси тузилди. Унга бош вазир ўринбосари Қанат Бозумбаев бошчилик қилмоқда. Комиссия фожиа сабабларини аниқлаши ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига ёрдам бериши керак.
Ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлгани ҳолати юзасидан судга қадар тергов ҳаракатлари бошланди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди. Терговчилар содир бўлган воқеанинг барча тафсилотларини аниқламоқда.
Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди. Қозоғистонда 25 сентябрь куни давлат раҳбари томонидан мотам куни деб эълон қилинди.