- 2020-03-23
БМТ Бош Ассамблеясида бўш залга нутқ сўзлаган жаллод Нетаняҳу ўзига қарши норозилик билдириб,
уни тингламаганларга нисбатан “қўрқоқлар” иборасини ишлатган эди... Исландиялик аёл вазирдан лойиқ жавоб олди!
Қароқчи давлат Исроилнинг “одам қассоби” деб таърифланадиган бош вазири БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаш учун минбарга чиққанида, ҳаётида ҳеч қачон унутмайдиган норозиликка дуч келди... Жаҳон назарида геноцид жиноятчиси сифатида суд ўриндиғига ўтқазилган бу жаллод яна такаббурлик қилиб, илгари Ливанда содир этган қирғинининг далили бўлган буюм билан минбарга чиқди ва таҳдидлар сочди. У қўлида кўрсатган нарса пейжер эди... Лекин бу қурилма одатий буюмдан тубдан фарқ қиларди. Чунки сионистик Исроил ушбу қурилма ичига портловчи модда жойлаштириб, Ливанда юзлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган эди. Мана шу жаллод Биби уялмасдан, бу пасткаш жиноятини эътироф этиб ва жиноят қуроли билан гўёки ўз-ўзини жиноят устида қўлга олдириб, жаҳон олдида шарманда бўлаётган эди. Халқимизда айтилганидек, “Мардлик кўрсатай деб, ўғрилигини айтиб қўярмиш...”
Нетаняҳу Фаластин, Сурия ва Ливанда йиллар давомида давом эттириб келаётган қирғин, этник тозалаш ва геноцид жиноятларини инкор этмаяпти, балки айнан шу қабиҳ ишларни содир этгани билан мақтанаётган эди... “Буни эсладингизми?” дея такаббурлик билан таҳдид қилмоқчи бўлган қароқчи Нетаняҳу қўлидаги жиноят қуроли билан ўз-ўзини ошкора қоралаётган эди!.. Ўзига қарши норозилик билдирган делегацияни “қўрқоқлар” дея айблаган жаллод ана шу пасткаш ва тубан таҳдид ҳамда такаббурлигини тасдиқлаётган эди. Қароқчи Нетаняҳу шу пайтгача кўрмаган даражадаги нафрат билан юзма-юз келди. Бутун дунё унинг кимлигини яна бир бор кўрди.
Нетаняҳудан уч кун ўтиб БМТ Бош Ассамблеяси минбарига чиққан Исландия ташқи ишлар вазири Катрин Гуннарсдоттир Нетаняҳуга унутилмас дарс берди. Аёл вазирнинг жасурона сўзлари, шу билан бирга, тарихга муҳрланган эслатма мақомига эга. Катрин Гуннарсдоттир шундай деди:
“Ушбу минбардан “ахлоқий қўрқоқлар” иборасини эшитдик... Менга кўра, ахлоқий қўрқоқлар шошилинч ва доимий тинчлик учун музокараларни рад этувчилардир. Ахлоқий қўрқоқлар ёрдамга муҳтож инсонларга гуманитар ёрдам етказилишига тўсқинлик қилувчи етакчилардир. Ахлоқий қўрқоқлар халқаро ҳуқуқни қайта-қайта поймол қилувчи етакчилардир...”
Исландиялик вазир Ғазода инсониятга қарши жиноятлар ва ҳарбий жиноятлар содир этилаётганини очиқ-ойдин кўрганликлари ва тизимли равишда этник тозалаш олиб борилаётганини алоҳида таъкидлаб, қуйидаги чақириқни илгари сурди: “Зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, тўлиқ гуманитар ёрдам киритилишини таъминлаш ва барча гаровга олинганларни сўзсиз озод қилиш керак. Ҳамаснинг баҳона қилиниши барча фаластинликларнинг оммавий равишда жазоланишини, оч қолдирилишини ва ўз уйларидан қувилишини қонунийлаштира олмайди. Ҳозирда амалга оширилаётган ишлар золимона, инсониятга зид ва ноқонунийдир... Ғарбий Соҳилни аннексия қилишни талаб қилиш Исроилнинг хавфсизлигини таъминлаш эмас, балки халқаро ҳуқуқни бузиш демакдир. Ечим топишнинг ягона йўли иккита алоҳида давлат барпо этилишидир... Исроил расмийлари аннексия ёки фаластинликларни ҳайдаб чиқаришни ёқлаб чиққанида, буни Исроилнинг хавфсизлиги деб кўрсата олмайдилар”.
Ҳа, исландиялик аёл вазирнинг жасурона сўзлари сионистларнинг қўрқоқлигини тасдиқлайди... Нафақат Нетаняҳу, балки унинг ўзини миллий хавфсизлик вазири деб атаётган Итамар Бен-Гвир ҳам доимо қўрқоқона ҳаракатлар қилмоқда. У атрофига полиция ва аскарлардан бир армия тўплаб, тез-тез Масжиди Ақсога босқин уюштиради ва фаластинликларни таҳрик қилиб, қўрқитишга уринади... Бу қабиҳ ҳаракатни у бир неча бор такрорлади. Яна илгари қамоқхоналардаги фаластинлик маҳбусларнинг камераларига бориб, ўша чорасиз инсонларга таҳдид қилиш пасткашлигини кўрсатди. Минг хил қийноқларга дучор қилинган бечора фаластинликларга ҳақоратлар ёғдириб, уларни таҳдид қилиб, ўлим жазоси билан қўрқитиб бостиришга уринди. Сўнгги бор ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилган хабарига кўра, Яҳё Синварнинг дўсти Ҳасан Саламенинг камерасига бориб, ўша пасткашликларини давом эттирган. Бу одам қиёфасидаги махлуқ шу қадар қўрқоқки, ҳатто камерасида ҳимоясиз ётган одамдан ҳам қўрқади. Шунинг учун ҳам ҳамроҳлигидаги аскарларнинг орқасига яшириниб: “Сени ўлдирмоқчиман...” дея пасткашларча ҳужум қилган. Қолаверса, буларнинг барини ўзи такаббурлик билан ошкор қилмоқда. Агар бу махлуқ мудофаа вазири бўлса, Ғарбий Соҳилни аннексия қилишини ва Ғазо секторини тўлиқ бўшатиб юборишини ваҳима билан айтмоқда. Илгари ҳам бу йиртқич Ғазога атом бомбасини ташлашга чақирган эди... Бен-Гвирнинг руҳий эгизаги бўлган яна бир йиртқич бор. Унинг ҳам инсониятга қарши жиноят содир этишда ундан қолишдиган ери йўқ. Унинг исми Безалель Смотрич... Молия вазири. У ҳар қандай ирқий жирканчлик ва инсониятга душманлик билан тўлиб-тошган бўлиб, ҳар фурсатда фаластин халқига нисбатан нафратини сочишдан тўхтамайди.
Дунёда бу такаббурликка қарши етарлича муносабат билдирилмагани сабабли уларнинг ваҳшийлиги каррасига ошиб бормоқда. Жамоатчилик виждонининг исён кўтариши муҳим кўрсаткичдир. Бироқ давлат раҳбарлари сионистик ваҳшийликка қарши янада жасурроқ қадам ташлашлари лозим.
БМТ Бош Ассамблеяси учун сўнгги бор Нью-Йоркка борганида жаллод Нетаняҳу қаттиқ хавотирга тушиб қолган эди. Нью-Йорк мэрининг унга нисбатан ҳибсга олиш талабини қўйгани уни роса чўчитган эди. Одам қассоби биринчи марта шу даражада берк кўчага кириб қолгани кўринди ва энг катта сионистик лобби кўмагига эга бўлган Нью-Йоркда кўп қола олмади. Октябрь ойидаги сайловлар борасида унинг сиёсий аҳволи умуман порлоқ кўринмаяпти... Агар у сайловда мағлуб бўлса, ортидан бошқа балолар ёғилиб келиши мумкин. Аввало Исроил ичида суд қилиниб, қамоққа ташланиши аниқ. Кейинчалик халқаро ҳуқуқ доирасида суд қилиниш йўли очилиши мумкин. У содир этган шунча зулм ва инсониятга қарши жиноятлар учун қонхўр жаллод жавоб бериши жаҳон тинчлиги нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир. Бунинг учун дунёда Нетаняҳуга қарши янада уюшган ҳаракатлар давом этиши керак.