Жангарилар Покистонда йўловчи поездини эгаллаб олди


  • 12 Март, 2025
  • 21

"Белужистон озодлик армияси" гуруҳи жангарилари Покистонда камида 450 йўловчини гаровга олди.

Samaa телеканалига кўра, жангарилар Кветтадан Пешоварга ҳаракатланаётган Jaffar Express поездига ҳужум қилиб, уни ўққа тутган. Натижада поезд машинисти ва бир неча йўловчи оғир жароҳат олган.

Темир йўл идораси вакиллари хабар беришича, ҳужум пайтида тўққизта вагонда 450 га яқин йўловчи бўлган. Йўловчилар ва поезд экипажи билан алоқа узилган.

Белужистон ҳукумати расмий вакили Шоҳид Ринд поездаги ҳужум тоғли ва олис ҳудудда содир бўлгани учун хавфсизлик кучлари ва қутқарув хизматларининг ишини мураккаблаштираётганини таъкидлади.

"Белужистон озодлик армияси" (БОА) 2000 йили ташкил топган. Ушбу ташкилот Покистон ва Хитойни империализм ва неоколониализмда айблайди.

БОАга тегишли биринчи ҳужум 2000 йил 22 июлда Кветта шаҳридаги Жинна бозорида содир бўлган. Ушбу ҳужум натижасида 7 киши ҳалок бўлиб, 25 киши жароҳатланган (улар орасида ҳарбийлар ва фуқаролар бор эди).

2006 йил апрелда Покистон ҳукумати БОАни расман террорчилик ташкилоти деб эълон қилган.


Бошқа мақолалар