- 2015-06-20
Венгрияда собиқ бош вазир Виктор Орбан даврига бориб тақаладиган коррупция тергови доирасида ўрмонлар,
уйлар ва омборларга яширилган 19,5 миллион доллар қийматидаги нақд пул топилди. Амалиёт давомида 5 та пул санаш машинаси ёрдамида 8 соат давом этган саноқдан сўнг бош вазир Петер Мадьяр эътиборга молик баёнот берди.
Венгрияда янги ҳукумат бошлаган кенг кўламли коррупцияга қарши кураш ва ҳисобдорлик тадбирлари сиёсий кун тартибини ларзага солишда давом этмоқда. Мамлакатнинг коррупцияга қарши курашиш органи собиқ етакчи Виктор Орбан даврига бориб тақаладиган улкан порахўрлик тизимини фош этди.
Собиқ бош вазир Виктор Орбан даврида – 2014–2018 йилларда Миллий тараққиёт вазири лавозимида ишлаган Миклош Сестак давлат транспорт компанияси учун фойдаланилган автобусларни сотиб олишда сунъий оширилган нархлар орқали пора олганликда айбланмоқда.
Олиб борилаётган тергов доирасида Мадьяр раҳбарлигида ташкил этилган ва кенг ваколатларга эга бўлган Миллий бойликларни қайтариш ва ҳимоя қилиш бошқармаси (NVVH) пайшанба ва жума кунлари бир қанча манзилларда бир вақтнинг ўзида тинтувлар ўтказди.
NVVH эълон қилган маълумотларда пуллар яширилган жойлар барчани ҳайратда қолдирди. Ўрмонларга кўмилган ҳолда, қишлоқ хўжалиги ва омбор биноларида, турар жойларда ҳамда чекка ҳудудлардаги мустаҳкам сейфларда сақланган жуда катта миқдордаги нақд пул ашёвий далил сифатида олинди.
AFP агентлигининг хабар беришича, амалиётда мусодара қилинган жами нақд пул миқдори расмий идоралар томонидан очиқланди. Унга кўра, икки кунлик қидирув натижасида:
5 071 632 000 Венгрия форинти;
2 658 350 евро;
1 257 100 АҚШ доллари – жами 17,7 миллион евро (тахминан 19,5 миллион доллар) миқдоридаги нақд пул хатланди.
Пуллар Венгрия Давлат ғазнасига топширилгач, молия вазири Андраш Карман ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “Маблағлар қабул қилиб олингандан сўнг 12 нафар ғазначилик ходими 5 та алоҳида пул санаш машинасидан фойдаланган ҳолда пулни зўрға 8 соатда санаб тугатди”, дея маълум қилди.
Апрель ойида бўлиб ўтган сайловларда йирик ғалаба қозониб, Орбаннинг 16 йиллик ҳукмронлигига чек қўйган бош вазир Петер Мадьяр ушбу амалиётни тарихий бурилиш нуқтаси сифатида баҳолади. Мадьяр ижтимоий тармоқ орқали берган кескин баёнотида “Бу расман Fidesz–KDNP мафиясининг интиҳосидир!”, – дея таъкидлади.
Сўнгги ҳафталарда порахўрлик ва коррупция терговлари жадаллашиши билан Сестакдан ташқари Орбан даврида ишлаган яна икки нафар собиқ вазир ва собиқ бош вазирнинг укаси ҳам турли коррупция ишлари доирасида ҳибсга олинди.
Собиқ бош вазир Виктор Орбан эса амалиётлар ва мусодара қилинган маблағлар юзасидан ҳозирча муносабат билдирмади. Орбан аввалроқ ўзининг яқин атрофини нишонга олган ушбу терговларни шахсан ўзига ва жамоасига қарши қаратилган “сиёсий таъқиб” деб атаган эди.