“Черняевка” яна йўловчиларни қабул қилмоқда


  • 27 Ноябрь, 2026
  • 16

25 ноябрь куни Қозоғистон–Ўзбекистон чегарасида Туркистон вилоятидаги “Жибек жоли” ва Тошкент вилоятидаги “Ғишткўприк” модернизация қилинган ўтказиш пунктлари очилди. Халқ орасида ушбу чегара ўтиш жойи “Черняевка” деб аталади. Аҳолини ўтказиш соат 16:00 дан бошланди.

Рамзий лентани Қозоғистон молия вазири Мади Такиев ҳамда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров кесди. Маросимда, шунингдек, Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кушеров, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ерали Тугжанов ва Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари – Чегара хизмати директори Ерлан Алдажуманов иштирок этди.

“Жибек жоли ва Ғишткўприк пунктларининг биргаликда очилиши мамлакатларимиз президентлари белгилаб берган сиёсий йўлни давом эттиради”, деди Мади Такиев.

Қозоғистон томонида умумий майдони қарийб 10 минг квадрат метр бўлган иккита йўловчи терминали барпо этилди: бири кириш, иккинчиси чиқиш учун мўлжалланган. Автомобилларни кўрикдан ўтказиш учун 6 минг квадрат метр майдонда умумий айвон қурилди. Кириш йўлаклари иккитадан олтитага кўпайтирилиб, пиёдалар ва транспорт воситалари оқими алоҳида ажратилди.

Терминалларда 82 та паспорт назорати кабинаси ва 20 та автоматлаштирилган Q-gate тизими фаолият юритмоқда. Пункт рентген аппаратлари, йўловчи сканерлари, радиациявий назорат ускуналари ҳамда автобус ва енгил автомобилларни текшириш мажмуалари билан жиҳозланган.

“Жибек жоли” суткасига 70 минг киши, 2 мингта енгил автомобиль ва 200 та автобусни, тиғиз даврларда эса 100 минг нафаргача йўловчини ўтказиш қувватига эга. Ёпилишидан аввал пункт орқали кунига ўртача 30 минг киши, 2024 йил давомида эса 11 миллиондан ортиқ аҳоли вакили ўтган.

Ўтказиш пункти орқали пиёдалар, енгил автомобиллар ва автобуслар ҳаракатланиши мумкин. Юк машиналари ҳаракати тақиқланган.

Ўзбекистон томонида Ўзбекистон ва хорижий давлат рақамли автомобиллар алоҳида йўлакларга ажратилган, шунингдек, махсус Fast Track йўлаги ҳам ташкил этилган. Тиғиз соатларда навбатлар юзага келиши мумкин, чунки Ўзбекистон томони Қозоғистон томонига нисбатан кўпроқ оқимни қабул қилишга мўлжалланган.

Пунктни модернизация қилиш ишлари 2022 йил ноябрь ойида бошланган, 2025 йил 5 февралда эса ўтиш жойи бутунлай ёпилган эди. Таъмирлаш ишларини тўрт ой ичида якунлаш ваъда қилинган, бироқ очилиш муддати аввал июль, кейин сентябрь ва 2026 йилнинг IV чорагига кўчирилган эди. “Черняевка” ёпиқ бўлган даврда ватандошлар ва транспорт воситалари чегарани “Қапланбек” ва “Қазиғурт” пунктлари орқали кесиб ўтди.


Бошқа мақолалар